3-4 март кунлари Тошкентда «БМТ Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси доирасида Марказий Осиё давлатларининг минтақавий ҳамкорлиги» мавзуида юқори даражадаги халқаро конференция бўлиб ўтади.
Анжуманда терроризмга қарши кураш соҳасидаги ҳамкорликнинг йўналишлари ва истиқболлари, жумладан мафкуравий, ташкилий, ҳуқуқий, психологик ва техник жиҳатлар, шунингдек Марказий Осиё мамлакатларида БМТнинг мазкур стратегиясини амалга оширишдан келиб чиқадиган масалалар муҳокама қилинади.
Анжуман якунида Тошкент декларациясини қабул қилиш ва Қўшма ҳаракатлар режасини янгилаш режалаштирилган. Ушбу ҳужжатларда Марказий Осиё давлатлари аниқ вазифаларни белгилаб, терроризмга қарши биргаликда курашга тайёр эканини яна бир бор тасдиқлайди.
Тадбир Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Стратегик ва минтақавий тадқиқотлар институти, БМТнинг Марказий Осиё учун Превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази, БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилади.
Конференция гибрид форматда (онлайн + офлайн) ўтказилади, унда 600 дан ортиқ одам иштирок этиши кутилмоқда. Улар орасида БМТнинг Терроризмга қарши фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича Глобал шартномаси иштирокчилари, БМТ Глобал аксилтеррор стратегияси донор-мамлакатлари вакиллари, халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг юқори мартабали вакиллари, жумладан БМТ раҳбарияти, ЕХҲТ, ШҲТ, Марказий ва Жанубий Осиё давлатларидан экспертлар, фуқаролик жамияти ва илмий доиралар вакиллари бор.
Очилиш маросимида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев номидан мурожаат ва БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг видеомурожаати кутилмоқда. Шунингдек, ЕХҲТ Бош котиби Ҳелга Мария Шмид, БМТ Бош котибининг терроризмга қарши кураш бўйича ўринбосари, Контртеррор бошқармаси бошлиғи Владимир Воронков, Бош котибнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, БМТнинг Марказий Осиё бўйича Превентив дипломатия минтақавий маркази раҳбари, ШҲТ Бош котиби Чжан Мина, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон делегациялари раҳбарлари чиқишлари режалаштирилган.
Анжуман арафасида, 2 март куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг ўринбосари – Контртеррор бошқармаси раҳбари Владимир Воронков Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинди. Учрашувда Ўзбекистон билан БМТ институт ва тузилмалари, жумладан терроризмга қарши кураш бошқармаси ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. Қайд этилишича, ҳозирда Ўзбекистон терроризмга қарши кураш соҳасида 15 та лойиҳани амалга оширишда фаол иштирок этмоқда.
«БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган «Маърифат ва диний бағрикенглик» резолюцияси доирасида кўп томонлама тадбирлар ўтказиш, ёшларни экстремизм ва терроризмнинг салбий таъсиридан ҳимоя қилиш, “қайноқ нуқталар”дан қайтарилган шахсларни реабилитация ва реинтеграция қилиш соҳасида тажриба алмашиш ҳамда кадрлар тайёрлаш йўналишида ҳамкорлик қилиш имкониятлари муҳокама қилинди», — дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарида.
Учрашувда минтақа кун тартибидаги масалалар, шу жумладан Афғонистондаги вазиятнинг ривожланиши, афғон халқига кўмаклашиш ва ёрдам кўрсатиш чораларини кўриш юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунида Ўзбекистон ва БМТ Контртеррор бошқармаси ўртасидаги амалий шерикликни кенгайтириш бўйича қўшма «йўл харитаси»ни тайёрлаш тўғрисида келишувга эришилди.