Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ўзбекистонликларни Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар ҳудудларидан олиб чиқиш муддатини маълум қилди

Ижтимоий тармоқдан олинган фотосурат

Ўзбекистон фуқароларини Украинадаги жанговар зоналардан, жумладан Харьков, Суми ва Херсон шаҳарларидан олиб чиқиш жанглар тўлиқ якунланганидан кейин ташкил этилади. Унгача ўзбекистонликларга қўриқланадиган бункерларда қолиш тавсия этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Юсуп Қобулжонов ўзининг Телеграм-каналида маълум қилди.

«Украинадаги фаол ҳарбий ҳаракатлар давом этаётган айрим аҳоли пунктларидан фуқароларимизни эвакуация қилишда қийинчиликлар юзага келди. Хусусан, булар Харьков, Суми, Херсон шаҳарларидир. <...> Фуқароларимиз жойлашган бошқа шаҳарларда уларнинг Львов шаҳрига поездда жўнаб кетишини ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда. Киевда ватандошларни эвакуация қилиш учун ўзбекистонлик кўнгиллилар ва элчихоналарнинг автомашиналаридан фойдаланилмоқда», — деб ёзди ТИВ вакили.

Қобулжоновнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Республикаси элчихонасини Киевдан Львовга эвакуация қилиш масаласи кўриб чиқилмаяпти, чунки бу фуқароларни хавфсиз эвакуация қилиш самарадорлигини пасайтиради. Айни пайтда Ўзбекистон элчихонаси томонидан Львовдан Польша билан чегарадаги Краковец назорат-ўтказиш пунктигача ватандошларни етказиб бериш ташкиллаштирилган. Киевда элчихона билан келишилган ҳолда кўнгиллиларнинг мобил гуруҳи ўз автомашиналари билан шаҳарнинг турли туманлари ва чекка ҳудудларидаги аёллар, болалар ва қарияларни пойтахт темир йўл вокзалига етказиш учун ҳаракат қилмоқда.

«Киевда, айниқса, унинг атрофидаги беқарор вазиятга қарамай, фуқароларимизни вокзалга етказиш ишлари давом этмоқда. Киевдан ғарб йўналиши томон поездлар ҳаракати тўхтатилмаган», — дея қўшимча қилди у.

Дипломат, шунингдек Польша учинчи давлат фуқароларини эвакуация қилиш учун 15 мартгача вақт бергани, кейин чет эл фуқароларининг визасиз қолиш муддати тугаши ҳақида огоҳлантирди.

ТИВ хабарига кўра, 2022 йил 2-3-март кунлари Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг учта самолёти билан 671 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқароси Польшанинг Катовице аэропорти орқали Украинадан эвакуация қилинди. Улар орасида 129 аёллар, 82 болалар ва 14 чақалоқлар бор. Умумий ҳисобда Украинадан Польша ҳудуди орқали саккизта авиарейслар билан 1 859 нафар ватандош олиб келинди. Яна бир неча эвакуация қатновини ташкил этиш режалаштирилган.

Польша ҳудудида Ўзбекистоннинг 1100 дан ортиқ фуқароси қолмоқда. Улардан 550 нафари Польша давлат чегарасидаги тўпланиш нуқтасига, 550 нафари эса Катовице аэропортига жойлаштирилган.

ТИВ Ўзбекистоннинг Польша ва Украинадаги дипломатик ваколатхоналари кечаю кундуз ишлаётганини таъкидлади. Кўчирилганлар учун иссиқ овқат, зарур ҳолларда тиббий хизмат кўрсатилмоқда.

Бир кун аввал БМТ Бош Ассамблеяси Россиянинг Украинадаги ҳарбий амалиётини қораловчи резолюцияни, шунингдек Россия президенти Владимир Путиннинг тўхтатувчи кучларнинг тайёргарлигини оширишга доир қарор қабул қилди. Ҳужжат Россиядан «барча қуролли кучларини Украина ҳудудидан ўзининг халқаро тан олинган чегаралари доирасида зудлик билан, тўлиқ ва сўзсиз олиб чиқиб кетишини», «Украинага қарши куч ишлатишни зудлик билан тўхтатишни» ва ҳар қандай БМТга аъзо давлатга қарши куч ишлатиш билан боғлиқ ноқонуний таҳдидлардан сақланишни талаб қилади. БМТ Бош Ассамблеяси резолюцияси юридик кучга эга эмас, лекин у халқаро миқёсда сиёсий аҳамиятга эга.

Резолюция учун 141 та давлат овоз берди, 5 ба давлат қарши (Беларус, Россия, Шимолий Корея, Эритрея ва Сурия) овоз берди. 35 давлат, жумладан Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон овоз беришда бетараф бўлган. Овоз беришда Ўзбекистон ва Туркманистон иштирок этмаган. «Газета.uz» хабарига кўра, Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Бахтиёр Иброҳимов ҳозир Тошкентда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ