Ўзбекистонда иш берувчилар 2021 йил август ойидан буён 45,6 минг ходимни коронавирусга қарши эмлашдан бош тортгани учун ишдан четлатган. Бу ҳақда Республика махсус комиссияси йиғилишида таъкидланди, деб ёзади Daryo.
Санитария-эпидемиология хизмати раҳбари Баҳодир Юсупалиевнинг маълум қилишича, бу вақт ичида 28,5 минг корхона ва 44,6 минг бюджет ташкилоти текширувдан ўтказилиб, уларда вакцина ололмаган 89,4 минг киши аниқланган. Уларнинг ярмидан кўпи ишдан четлаштирилган. 4600 та ҳолатда иш берувчиларга жарима солинган.
Йиғилишда иш берувчиларга кучайтирувчи доза билан эмланган ходимлар сонини 90 фоизга ошириш, шунингдек қайта эмлашдан бош тортганларни ишдан четлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.
2021 йил август ойида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 113-моддасига киритилган ўзгартишлар кучга кирди, уларда эмланмаган ходимларни ишдан четлаштириш ва фуқароларни уларнинг розилигисиз эмлаш мумкин (гап ишдан бўшатиш эмас, балки вақтинчалик ишдан челатиш ҳақида кетмоқда – «Фарғона» изоҳи). Шунингдек, COVID-19 га қарши эмланмаган ишчиларни ишга олиш тақиқланди.
Ўзбекистонда 1 мартдан карантин чоралари юмшатилди: очиқ ҳавода ва жамоат жойларида мажбурий ниқоб тақиш тартиби бекор қилинди. Ниқобни фақат жамоат транспорти, дўконлар, бозорлар, таълим ва бошқа муассасаларда тақиш тавсия этилади. Умумий овқатланиш ва кўнгилочар корхоналар – ресторанлар, кафелар, ошхоналар, чойхоналар, тунги клублар, караоке, билярд ва компьютер хоналари ва бошқаларнинг иш вақтига қўйилган чекловлар бекор қилинди.