Ўзбекистон Марказий банки республика аҳолисини Россиядан пул ўтказмаларида юзага келиши мумкин бўлган муаммолар ҳақида огоҳлантирди.
«Бугунги кунда мавжуд вазиятдан келиб чиққан ҳолда айрим халқаро пул ўтказмалари операторлари фаолиятида вақтинчалик узилишлар ёки тўхталишлар кузатилмоқда», — дейилади хабарда.
Марказий банк мамлакатда Россия Федерациясидан Ўзбекистонга кўплаб пул ўтказмалари тизимлари ишлаганини эслатиб, улардан бири ишламай қолса, муқобилидан фойдаланишни тавсия қилди.
Регулятор халқаро пул ўтказмаларининг Ўзбекистон аҳолиси учун долзарблигини таъкидлаб, тижорат банклари уларнинг узлуксиз ишлаши учун зарур чораларни кўраётганига таъкидлади.
Россия Федерациясининг Украина ҳудудида ҳарбий операцияси бошланганидан сўнг, АҚШ, Канада ва Европа Иттифоқи Сбербанк ва бошқа бир қатор Россия банкларига қарши санкциялар киритди.
28 февраль куни «Ипак йўли» банки Unistream тизими ва Сбербанк Онлайн иловаси орқали пул ўтказмаларини жўнатиш ва қабул қилишни тўхтатди. 1 март куни Россиянинг рақамли банки Apelsin рус валютасининг ўта беқарорлиги туфайли Россияга ва Россиядан пул ўтказмалари тўхтатилганини эълон қилди.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил якунига кўра, Ўзбекистонга халқаро пул ўтказмалари тизимлари орқали тушган маблағлар ҳажми 8,1 миллиард долларни ташкил этган бўлса, асосий улуш Россия Федерациясидан олинган маблағларга тўғри келган: жорий йилнинг атиги 9 ойида 3,951 миллиард доллар пул жўнатилган.