UzAuto Motors Powertrain компанияси янги турдаги двигатель ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга йўналтирилган 93 миллион доллар миқдорида кредит олади. Бу ҳақда Ягона корпоратив ахборот порталига таяниб Spot.uz хабар беради.
Кредит маблағлари Швейцариянинг Credit Suisse ($52,1 млн) ва Австриянинг Raiffeisen (€36,5 млн) банклари томонидан ажратилади, умумий сумма Ўзбекистон Марказий банки курси бўйича 1,01 триллион сўм эквивалентини ташкил қилади. Мазкур маблағга UzAuto Motorsнинг двигателлар бўлинмаси қуввати 97 кВт (130 от кучи) бўлган CSS Prime двигателларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш учун зарур ускуна ва бутловчи қисмларни харид қилади. 10 йил муддатга ажратилган кредит учун гаров сифатида айнан шу ускуналар хизмат қилади.
Сингапурнинг Jebsen&Jessen компаниясидан 50,05 миллион евро ва 20,56 миллион долларлик асбоб-ускуналар сотиб олиш бўйича келишув аллақачон тасдиқланган.Бу маблағнинг 85 фоизи кредит, 15 фоизи компаниянинг ўз маблағлари ҳисобидан тўланади.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев февраль ойи ўрталарида ҳукуматга миллий машинасозлик кластерини яратиш бўйича топшириқ берган эди. Маълум бўлишича, 336 миллион долларлик сармоя ҳисобидан замонавий двигателлар ва иккита автомобиль модели— Chevrolet Tracker ва Onix ишлаб чиқарилади.
Сўнгги тўрт йилда Ўзбекистонда 2600 номдаги бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Жорий йилда яна 600 та қисмни ўзлаштириш режалаштирилган. Натижада маҳаллийлаштириш даражаси 48 фоиздан 56 фоизга ошади.