Ўзбекистонда Россия валютаси бир кун ичида миллий валютага нисбатан 16,5 фоизга арзонлашди ва бир рубль учун 108,6 сўмни ташкил қилди, деб хабар беради Марказий банк. Жорий йил бошидан рублнинг сўмга нисбатан қадрсизланиши 26,1 фоизни ташкил этган.
Sputnik таъкидлаганидек, тижорат банкларида рублнинг олди-сотди курслари ўртасидаги фарқ анчадан бери қарийб бир ярим баравар — 28 февралга мос равишда 100 ва 150 сўмни ташкил қилган.
Шу билан бирга, онлайн пул ўтказмалари хизматларида, хусусан, paysend.com сайтида 1 март куни бир рубль 110,64 сўмга алмаштирилди. Ҳолбуки, февраль ойи ўрталарида курс бир рубль учун 141,15 сўмни ташкил қилган эди.
Худди шундай ҳолат Тожикистонда ҳам кузатилмоқда. Бу мамлакат Миллий банки Россия валютасининг сомонига нисбатан расмий курсини бир кун ичида 17,4 фоизга пасайтирди — 28 февралдаги бир рубль учун 0,1365 сомонийдан 1 мартда бир рубл учун 0,1128 сомонийгача.
Москванинг Украинадаги ҳарбий амалиёти сабаб Ғарб томонидан жорий этилган иқтисодий санкциялар туфайли Россия валютаси заифлашмоқда. Бугун Ғарб давлатлари санкциялари остида қолган Россиянинг айрим банклари тегишли ҳуқуқий кўрсатмалар олингандан сўнг SWIFT банклараро тизимидан узилиши маълум бўлди.