Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги юзни таниб олиш тизимидан фойдаланган ҳолда жиноятчиларни топади

Habr.com сайти иллюстратив фотосурати

Ўзбекистонда одамни юзидан таниб олувчи камерали сунъий интеллект тизими ишга туширилади. Ушбу тизим жиноятларни очиш ишларини такомиллаштиради. Бу ҳақда Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси билан ҳамкорлик бўйича комиссия йиғилишида республика парламенти Сенати раиси Танзила Нарбаева маълум қилди, деб ёзади Kun.uz.

«Бугунги кунда ривожланган мамлакатларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланилмоқда. Мамлакатимизда ҳам сўнгги йилларда бундай технологиялардан кенг фойдаланиш йўлга қўйилмоқда. Хусусан, кўпчилик ичидан одамларни таниб олувчи махсус камералар билан жиҳозланган автобуслар олиб келинмоқда. Шунингдек, ички ишлар органлари ходимларига юзни таниб олиш ва бармоқ изини аниқлаш дастурига эга бўлган планшетлар берилмоқда. Ҳақиқатан, ушбу тизим жиноятчи, қочоқ, бедарак йўқолган шахсларни топишда қўл келиши бутун дунёда исботини топган. Шу мақсадда Ички ишлар вазирлиги томонидан биометрик маълумотларга асосланган юзни аниқлаш ва назорат қилишни кучайтириш лойиҳаси ишлаб чиқилган», – дейди Танзила Норбоева.

Йиғилишда мазкур лойиҳани ИИВ Киберхавфсизлик маркази бош мутахассиси Муҳсинжон Султонов тақдимот қилди. Унинг айтишича, тизим сунъий интеллект асосида ишлайди. У дастлаб фото-видео маълумотларни сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилади ва шахс юзини ажратиб олади. Ажратиб олинган юз тасвирини биометрик маълумотлар базасидаги шахсларнинг тасвирлари билан таққослайди. Таҳлил натижаларини маълумотлар базасига қайд этади.

Тизим маълумотлар базаси видеокузатув камералари тасвирлари,

ижтимоий тармоқлардаги фото-видеолавҳалар,

бодикамералардаги видеотасвирлар, мобил телефонлардаги фото-видеотасвирлардан ташкил топади.

Шунингдек, юзни таниб олиш тизими карантин қоидаларига риоя этилиши, тартибсизликлар ҳолатлари ҳолати устидан назоратни яхшилаш, юзнинг сохта тасвирларини аниқлаш, профилларни таҳлил қилиш ва ижтимоий муҳандисликдан фойдаланган ҳолда шахснинг психологик портретини шакллантириш имконини беради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ