«Ипак йўли» банки Unistream тизими орқали пул ўтказмаларини жўнатиш ва қабул қилишни тўхтатди. Бу ҳақда кредит ташкилоти матбуот хизмати хабар беради.
Шу билан бирга, банк офисларида Western Union, MoneyGram «Золотая Корона» одатдагидек фаолият кўрсатмоқда.
Шунингдек, Сбербанк Онлайн орқали банк карталарига юборилган пул ўтказмаларини қабул қилиш вақтинча тўхтатилди. Hamkorbank ҳам 25 февраль куни шундай қарор қабул қилди ва буни банк тизимларидаги техник ишлар билан изоҳлади.
Сбербанк (Сбер) Россия Федерациясининг Украина ҳудудида ҳарбий операцияси бошланганидан кейин АҚШ, Канада ва Европа Иттифоқи санкциялар киритган Россия банклари қаторидан ўрин олди. Хусусан, 26 мартгача Америка молия институтлари Сбербанк учун вакиллик ёки транзит (payable-through) ҳисобларини ёпиши ва ушбу банк иштирок этадиган тўловларни рад этиши керак.
Санкция рўйхатига киритилган кредит ташкилотлари орасида «Ўзагроэкспортбанк»ни яқинда сотиб олган Совкомбанк ҳам бор.