Украинадан Польшага олиб ўтилган Ўзбекистон ва Қозоғистон фуқароларини ватанларига жўнатиш ишлари бошланди

Львовдаги Ўзбекистон фуқаролари. Киевдаги Ўзбекистон элчихонаси сайти фотосурати

Украинадан Польшага эвакуация қилинган Ўзбекистон фуқароларидан иборат биринчи самолёт 28 февраль куни Катовице шаҳридан ҳавога кўтарилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Юсуп Қобулжонов ўзининг Телеграм-каналида маълум қилди.

«Фуқароларни Польшадан Ўзбекистонга етказиш мақсадида Uzbekistan Airways АЖ самолётларининг парвози учун ҳаво коридори билан таъминлаш масаласи ишлаб чиқилди. Дастлабки маълумотларга кўра, Ўзбекистонга биринчи парвоз 28 февралга мўлжалланган», — деб ёзган Қобулжонов.

Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонаси Украинадаги ватандошларни ватанга эвакуация қилиш ишларини давом эттирмоқда. Польшадаги ўзбекистонликлар, жумладан болали аёлларнинг йиғиш пунктида тунашлари учун шароит яратилган, улар кўрпа-тўшак, тиббий хизмат, иссиқ овқат билан таъминланган.

27 февраль кечки пайт «Карчова» назорат-ўтказиш пункти орқали 110 га яқин Ўзбекистон фуқароси Польшага ўтди ва бу жараён давом этмоқда. Барча ватандошлар марказлашган ҳолда автобусларда Катовице шаҳридаги аэропортга етказилади.

«Ўзбекистон дипломатлари доимий равишда «Карчова» назорат-ўтказиш пункти ва Катовице аэропортида бўлиб, келаётган фуқароларнинг муаммоларини ҳал қилиш билан шуғулланмоқда. Эвакуация қилинган фуқаролар аэропортда зарур маблағлар билан таъминланади. Турли сабабларга кўра ёнида ҳужжатлари бўлмаган 30 нафар Ўзбекистон фуқаросига қайтиш гувоҳномаси зудлик билан расмийлаштириб берилди», — дейилади хабарда.

Қозоғистон ҳукумати ҳам ўз фуқароларини Украинадан Польша орқали олиб чиқишни йўлга қўйди. Биринчи самолёт Атираудан Катовица томон йўл олди. У қозоғистонликларни ватанларига олиб боради, деб хабар беради Air Astana матбуот хизмати. Ушбу рейс орқали 180 га яқин республика фуқаролари жўнатилади.

«Бугун А321 самолёти Катовицадан маҳаллий вақт билан соат 10:30да парвоз қилиши режалаштирилган. Самолёт 00:30 да Олмаотага етиб келади ва Атирауга йўл олади. Қозоғистон Республикаси ҳукумати билан келишилган ҳолда барча қозоғистонликлар уйларига бепул етказилади. Кейинги репатриация рейслари ҳақидаги маълумотлар Украина йўллари ва чегарадаги вазиятга қараб белгиланади», — дейилади авиаташувчи хабарида.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ