Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) ва Евроосиё тараққиёт банкининг (ЕОТБ) қатор лойиҳаларига қўшилиш истагини билдирди, деб ёзади «ТАСС».
«Ҳурматли ҳамкасблардан Ўзбекистоннинг бугунги кун тартибидаги ЕОИИ доирасида амалга оширилаётган электрон тижоратни ривожлантириш, темир йўл транспортини рақамлаштириш, «Агроэкспресс» логистика лойиҳаси иқлим масалалари бўйича ҳамкорлик ташаббуслардаги иштирокини маъқуллашини сўрайман», — деди Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов 25 февраль куни Нур-Султон шаҳрида бўлиб ўтган Евроосиё ҳукуматлараро кенгаши йиғилишида.
Арипов ЕОТБга аъзо бўлиш режалари ҳақида гапирар экан, ҳозирда шартлар ва тартибларни муҳокама қилиш жараёни давом этаётганини, Ўзбекистоннинг тегишли идоралари ва Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) департаментлари ўртасида яқин ҳамкорлик бўйича қўшма йўл харитаси тўғрисидаги келишув имзоланганини айтди.
ЕИК маълумотларига кўра, 2016-2021 йиллари Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзо давлатлар билан умумий товар айирбошлаш ҳажми 2,5 баробардан ортиқ – 4,5 миллиард доллардан 11,6 миллиард долларгача ошган.
ЕОИИга аъзо давлатлар бош вазирлари ЕОИИда кузатувчи давлат бўлган Ўзбекистоннинг ташкилотнинг айрим ташаббусларида иштирок этиши тўғрисидаги йўриқномани имзоладилар. Евроосиё иқтисодий комиссияси кенгашига ЕОИИ давлатлари билан биргаликда алоҳида лойиҳалар бўйича ЕОИИ кузатувчи-давлатлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш формати ва алгоритмини тавсифловчи тартибни ишлаб чиқиш топширилди.
Нур-Султондаги учрашувда бош вазирлар 11 та якуний ҳужжатни имзоладилар. Улар орасида -
👉 ЕОИИ интеграциялашган ахборот тизимининг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари тўғрисидаги топшириқ,
👉 «Евроосиё Агроэкспресс» ассоциациясига аъзо давлатларнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тезлаштирилган контейнер темир йўл орқали ташишни амалга ошириш бўйича қўшма лойиҳаси тўғрисидаги буйруқ,
👉 Фуқаролик самолётларини ишлаб чиқариш соҳасида саноат кооперациясини кенгайтириш бўйича «Йўл харитаси» тўғрисидаги буйруқ ва бошқалар.
ЕОИИ Ҳукуматлараро кенгашининг навбатдаги йиғилиши 21-22 июнь кунлари Брестда бўлиб ўтади.
ЕОИИ 2015 йилда ташкил этилган. Унга Россия, Арманистон, Беларус, Қозоғистон ва Қирғизистон киради. Ташкилотда Ўзбекистондан ташқари Молдова ва Куба ҳам кузатувчи мақомига эга.
Ўзбекистоннинг ЕОИИга қўшилиш нияти 2019 йил 2 октябрь куни Россия Сенати спикери Валентина Матвиенко бу ҳақда маълум қилганидан кейин маълум бўлди. Тошкент Евроосиё интеграциясидан манфаатдор эканлигини тасдиқлаб, ҳеч қандай қарор қабул қилинмаганини, иттифоққа аъзоликнинг «плюс ва минус»ларини ўрганиш жараёни давом этаётганини таъкидлади. Кейинроқ Ўзбекистон 2020 йил декабрь ойида ЕОИИда кузатувчи мақоми билан чекланишга қарор қилгани маълум бўлди.