Шавкат Мирзиёев: «Дунё соат сайин таҳликали бўлиб боряпти»

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Дунё соат сайин хавфли бўлиб бормоқда, Ўзбекистон ўз кучини мустаҳкамлаши керак. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистоннинг Беруний тумани фаоллари билан учрашувида айтиб ўтди, деб ёзади Daryo нашри.

«Дунё кун сайин эмас, соат сайин таҳликали бўлиб боряпти. Биз иқтисодиётимиз, мудофаамизни мустаҳкам қилиб, ишонч билан жонажон ватанимизнинг қудратини кўтаришга ҳаракат қилишимиз керак», — деди Мирзиёев 24 февраль куни,Россиянинг Украинада ҳарбий операция бошлаганини назарда тутиб.

Президент Беруний туманига 100 МВт қувватга эга шамол электр станцияси қурилишини бошлаш учун келди. Бундан 65 йил аввал қурилган Тахиатош иссиқлик электр станцияси бугунги кун талабларига жавоб бермаслигини таъкидланди.

«Шунинг учун ҳам ҳозирда борларининг қувватини ошириб бориш билан бирга, янги ва инновацион қувватини ҳам йўлга қўямиз. Бизга келадиган инвесторлар энг аввало «газинг, сувинг борми, аэропортларинг ишлаяптими?», деб сўрайди. Биз эса бунга муносиб жавоб беришимиз керак. Навоийда қуёш электр станциясини қурдик, энди навбат шамол энергиясига. Агар бу лойиҳа тўлиқ ишга тушса, 110 минг аҳоли электр энергияси билан таъминланади», — дейди Шавкат Мирзиёев.

Президент Саудия Арабистонининг ACWA Power компанияси томонидан 2025 йилгача қуриладиган электр станциясига тамал тошини қўйди. У йилига 350 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқаради ва 120 мингдан ортиқ хонадонни электр энергияси билан таъминлайди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ