Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги «Ўзагроэкспортбанк» АТБ устав капиталидаги 100 фоиз давлат акция пакетини «Совкомбанк» ОАЖ (Россия Федерацияси) билан 4,0 млн. АҚШ долларига сотиш юзасидан келишувга эришилганини маълум қилади.
Ўзбекистон банкини сотиб олишга 4 нафар иштирокчи қизиқиш билдирган. Совcомбанк ғолиб деб топилди, чунки у банк фаолияти билан бевосита шуғулланувчи ва Ўзбекистонга нафақат хорижий инвестицияларни, балки хорижий банк тажрибасини, замонавий молиявий маҳсулотлар ва хизматларни ҳам олиб киришга қодир номзод бўлди, дея тушунтирди агентлик.
«Совcомбанк бир неча йилдан буён Ўзбекистон Республикасининг йирик корхоналари билан муваффақиятли ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ўйлаймизки, Ўзбекистонда банк борлиги бизни мавжуд ва янги мижозларга янада яқинроқ бўлиш ва уларнинг эҳтиёжларини бевосита Ўзбекистонда кузатиб, ҳисобга олган ҳолда янада яхшироқ хизмат кўрсатиш имкониятини беради», — деди Совcомбанк ПЖА бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Сергей Хотимский.
«Ўзагроэкспортбанк» АТБ 2017 йилда ташкил этилган бўлиб, бош офиси Тошкент шаҳрида жойлашган. 2021 йил якунига кўра, банк активлари 69 миллиард сўмдан (6,4 миллион доллар) ошган.
«Совкомбанк» ОАЖ активлари бўйича Россия Федерациясининг энг йирик ўнталигига кирадиган универсал банк. 2021 йил 30 сентябр ҳолатига кўра, банк активлари 1,9 трлн. рублни, капитал 224 млрд. рублни ташкил этган.