Мўйноқда ишлашга рози бўлган тошкентлик шифокорлар ойлик маошлари уч баробарга оширилади

Times.uz фотосурати

Қорақалпоғистон тиббиёт муассасаларида ишловчи тошкентлик шифокорларга иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида устама тўланади. Мўйноқга келган тиббиёт ходимлари учун қўшимча тўлов 200% бўлади. Бундан ташқари, улар учун уйлар қурилади. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев шу ҳақда маълум қилди, деб ёзади Kun.uz.

Бу ваъда Тошкент вилояти ҳокими, Мўйноқ туманига ҳомийлик қилаётган Зойир Мирзаевнинг нутқига жавобан берилган. Унинг сўзларига кўра, пойтахт вилояти Мўйноқни ривожлантириш учун 32 миллиард сўм (3 миллион долларга яқин) ажратади. Мирзаев соғлиқни сақлаш соҳасидаги аҳволга тўхталар экан, тумандаги тиббиёт муассасаларида ходимлар етишмаслигини таъкидлади.

«Ҳар ой 20 нафар кексаларни Тошкент вилоятига олиб бориб, санаторийда даволатамиз. 100 нафар ўқувчиларни оромгоҳларимизга олиб кетамиз. 24 нафар беморни вилоятимизга олиб кетиб, операция қилдирамиз», — деди Мирзаев.

«Тиббиёт масаласи энг муҳим. Бу борада алоҳида таклиф беринглар, қарор тайёрлаймиз» — дея жавоб берди президент.

Шавкат Мирзиёев 23 февраль куни Қорақалпоғистонга келди. У республика бўйлаб саёҳатини Мўйноқдан бошлади – самолёт 1990 йиллардан бери йўловчи ташиш учун фойдаланилмаётган аэропортга қўнди. Президентнинг сўзларига кўра, бундан буён Тошкент – Мўйноқ – Нукус йўналиши бўйича ҳафтасига икки марта парвозлар амалга оширилади.

Мирзиёев Қорақалпоғистонда уч кун бўлади, у билан бирга келган Тошкент ва Ўзбекистоннинг барча вилоятлари ҳокимлари эса бир ҳафта қолади. Шу вақт ичида улар ўзларига бириктирилган Қорақалпоғистон туманларидаги ишларнинг аҳволини ўрганиб, аниқланган муаммоларни ҳал этиш бўйича режалар ишлаб чиқиб, Президентга маълум қилиши керак.

Мирзиёев Мўйноққа алоҳида эътибор қаратди. Унинг фикрича, бу ер Қорақалпоғистоннинг ташриф қоғозига айланиши керак.

«Шунча йил Нукусга келиб қарсак чалиб кетавердик, лекин Мўйноқда ўзгариш бўлмади. Минбарлардан туриб, 30 йил «Орол, Орол» дедик. Лекин бирорта валламатнинг ўзи келиб Оролни ўз кўзи билан кўрмади. Энди бундай бўлмайди, галстукни ечиб, ишлаш пайти келди», – деди президент.

Тошкент вилоятидан Мўйноқга ажратилган 32 миллиард сўмга президент яна камида 40 миллиард сўм қўшишга тайёр эканини билдирди.

Президент Мўйноқда мактаб ўқувчилари учун бепул овқатланиш ташкил этилганини суриштирди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Қаҳрамон Сариев бунга жавобан шундай деди: «Ҳа, айни пайтда 142 минг нафар болаларимиз бепул овқат билан қамраб олинди. Ҳатто уйларига ҳам олиб кетишяпти».

«Майли, уйига олиб кетса ҳам. Еса, соғлиғи тикланса бўлди. Худо хоҳласа, пулимиз кўпайса, уйларига ҳам қилиб берамиз. Бу ҳам Қорақалпоғистонга хос тажриба бўлди, энди бошқа вилоятларда йўлга қўямиз. Насиб қилса, аста-секин юқори синфларга ҳам йўлга қўямиз», — деди Мирзиёев.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ