Андижон шаҳар ҳокими Баҳромжон Ҳайдаров ер участкаларини ажратишда қонунбузарликлар содир этганлиги сабабли давлат манфаатларига 1,7 миллиард сўм (157,4 минг доллар) миқдорида зарар етказганликда гумон қилинмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматига таянган ҳолда «Газета.Uz» хабар беради.
Дастлабки тергов маълумотларига кўра, Баҳром Ҳайдаров 2019-2020 йиллари саккиз ҳолатда жами 19,6 минг кв. метр ер майдонини ноқонуний ажратиш орқали давлат манфаатларига 1 млрд 779 млн сўм зарар етказганликда айбланмоқда.
Андижон вилояти прокуратураси ҳокимга нисбатан жиноий иш қўзғатиш юзасидан тақдимнома киритган.
3 февраль куни прокуратура Ҳайдаров аъзо бўлган халқ депутатлари вилоят Кенгашига уни депутатлик дахлсизлигидан маҳрум қилиш тўғрисида тақдимнома киритган. Ҳужжатда қайд этилишича, ҳокимнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари мавжудлиги муносабати билан уни жиноят ишига айбланувчи сифатида жалб этиш ва унга нисбатан эҳтиёт чорасини танлаш зарур.
Қонунга кўра, депутатни дахлсизликдан маҳрум қилиш масаласи кенгаш томонидан 10 кун ичида ҳал қилинади. Аммо андижонлик депутатлар Ҳайдаров масаласини шу пайтгача – тақдимнома киритилганидан 19 кун ўтиб ҳам кўриб чиқмаган.
Ҳайдаров 2019 йил октябрь ойида Андижон ҳокими томонидан тасдиқланган. Ундан олдинги раҳбар Дилмурод Раҳматуллаев ўша йилнинг ёзида «яшовчиларнинг мурожаатлари билан ишлашда йўл қўйган хатолари» туфайли ишдан бўшатилди, шунингдек унинг ишдан кетишига «ишқий саргузатлари» акс этган видео ҳамроҳлик қилди.
Бундан аввал, депутат Шуҳрат Каримов Андижонда ерларнинг ноқонуний ўзлаштирилаётгани ва ҳоким Ҳайдаров қарорларига қарши мунтазам равишда гапириб келганди. Шунингдек, у шаҳар прокурорини танқид қилиб, Бош прокуратурадан уни аттестациядан ўтказишни сўраган. Бироқ, 2021 йил май ойида у депутатлик дахлсизлигидан маҳрум қилинди, июнь ойида эса компанияси олти гектар ерни ноқонуний эгаллаб олганликда айбланиб, Каримов ҳибсга олинди.