Афғонистоннинг бир қанча вилоятларида толибларга қарши кучлар фаоллашган

«Толибон» жангарилари Бомиён вилоятида.TOLOnews сайти фотосурати

Толибларга қарши кучлар Афғонистоннинг Панжшир, Бомиён, Парвон ва Капис вилоятларида ўз фаолиятини кучайтирди. Бу ҳақда TOLOnews телеканали хабар беради.

Аниқланишича, Бомиёндаги қаршилик кучларига қарши Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олган «Толибон»* радикал ҳаракати у ерга қўшимча кучлар – шарқий Пактия вилоятидан 1,5 минг жангари юборган.

«Бомиён хавфсизлиги учун вилоят аҳдидан биз билан ҳамкорлик қилишни сўраймиз», дея мурожаат қилди толиблар Мудофаа вазирлиги расмийси Аллоҳ Муҳаммад Бахтиёр (Allah Mohammad Bakhtyar).

Ўз навбатида, асосан шиалик эътиқодидаги ҳазоралар истиқомат қиладиган Бомиён аҳолиси толиблар томонидан репрессия кучайганидан шикоят қилади. Бундан ташқари, улар жангарилар маҳаллий аҳолини текшириш учун ҳудудда назорат-ўтказиш пунктлари сонини кўпайтирганини айтишади.

Aamaj News ахборот агентлигининг хабар беришича, Панжшер вилоятида Миллий қаршилик фронти бўлинмалари ва вилоятда жойлашган «Толибон» ҳаракати ўртасида жанговар ҳаракатлар кучайган.

Аввалроқ, «Фарғона»да толибларга қарши кучлар Афғонистонда баҳор бошланиши билан фаол жанговар ҳаракатлар бошлашини, айниқса аҳолиси асосан пуштун бўлмаган халқлар: тожиклар, ўзбеклар ва ҳазоралар яшайдиган вилоятларда бошланишини прогноз қилган эди. Бунинг сабаби, турли афғон қуролли гуруҳлари жанговор ҳаракатлар учун довон ва тоғ йўлларидан фойдаланадилар, қиш вақтида эса улар қалин қор билан қопланади. Анъанага кўра, қор эриши билан Афғонистонда жанглар кучаяди.

Шуни қўшимча қилиш лозим, «Толибон» ҳаракати ичида этник жиҳатдан бўлиниш аллақачон содир бўлган. Ҳаракатнинг кўпчилик қўмондонлари ва мансабдор шахслари пуштунлардир. Юқори мансабдаги толибларнинг пуштунлар манфаатини кўзлайдиган ҳаракатлари пуштун бўлмаган толибларнинг қаршилик кучлари томонга оғишига сабаб бўлиши мумкин.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ