Россия президенти Владимир Путин Мудофаа вазирлигига тинчликни сақлаш учун Донецк ва Луганск халқ республикаларига (ДХР ва ЛХР) қўшин юборишни топширди. Бу ҳақда Донецк ва Луганск халқ республикаларини тан олиш тўғрисидаги фармонларда айтилган (Украина бу ҳудудларни Донецк ва Луганск вилоятларининг вақтинча босиб олинган ерлари, деб атайди).
Ҳужжатларда Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигига ДХР ва ЛХР билан дипломатик муносабатлар ўрнатиш бўйича музокаралар олиб бориш ва уларни ҳужжатлаштириш, шунингдек дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисидаги шартнома лойиҳасини имзолашга тайёргарлик кўриш топширилган.
«Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги ушбу фармоннинг 3-бандида кўрсатилган [дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисида] шартнома тузилгунга қадар, Россия Федерацияси қуролли кучларининг Донецк халқи ҳудудида бўлишини таъминлаши керак. Республика тинчликпарварлик функцияларини бажаради», — дейилади ДХРни тан олиш тўғрисидаги фармонда.
Шунга ўхшаш буйруқ ЛХРни тан олиш тўғрисидаги фармонда мавжуд. Россия Федерациясининг ЛХР ва ДХР билан дўстлик тўғрисидаги эслатиб ўтилган шартномалари бир-бирининг ҳудудидаги ҳарбий инфратузилма ва ҳарбий базалардан биргаликда фойдаланишни назарда тутади, дея таъкидлайди «Новая газета».
«Аҳдлашувчи томонларнинг хавфсизлигини, шунингдек тинчлик ва барқарорликни таъминлаш мақсадида томонларнинг ҳар бири бошқа томонга ўз ҳудудида қуролли кучларнинг ҳарбий инфратузилмаси ва ҳарбий базаларини (объектларини) қуриш, фойдаланиш ва яхшилаш ҳуқуқини беради», — дейилади ҳужжатларда.
Путин 21 февраль куни кечқурун ДХР ва ЛХР мустақиллигини тан олганини эълон қилди. У россияликларга йўллаган видеомурожаатида Украина тарихи ва Россия-Украина муносабатлари ҳақида батафсил тўхталиб, асосий эътиборни ушбу мамлакатдаги ҳозирги вазиятга қаратган. РФ раҳбарининг таъкидлашича, «Украина ҳеч қачон ўзининг ҳақиқий давлатчилигига эга бўлмаган», лекин ривожланишнинг «ўзга моделлардан механик нусха кўчириш йўлидан борган».
Россиянинг Донецк ва Луганск халқ республикаларини тан олишидан аввал Украина шарқидаги вазият ўта кескинлашган эди. Икки республика (ДХР ва ЛХР) раҳбарлари Украина қуролли кучларининг ҳужуми хавфи ҳақида эълон қилди ва аҳолини Россияга эвакуация қилишга, Путинни эса бу ҳудудлар суверенитетини тан олишга чақирди. Бироқ ,расмий Киев мамлакатнинг шарқий ҳудудларига ҳужум тайёрланаётганини рад этди.
Путин ДХР ва ЛХР бўйича қарорларини эълон қилганидан сўнг, бир қатор давлатлар бу ҳаракатларни кескин қоралаб, уларни халқаро ҳуқуқнинг бузилиши ва Украинанинг ҳудудий яхлитлигига тажовуз деб атади. Америка Қўшма Штатлари ва Буюк Британия Россияга қарши зудлик билан янги санкциялар қўлланилишини эълон қилди, уларни Франция, Польша ва бошқа давлатлар қўллаб-қувватлади. НАТО бош котиби Йенс Столтенберг, шунингдек Европа Иттифоқининг бир қанча давлатлари раҳбарлари Россия президенти ўз қарори билан Украинадаги можарони ҳал қилиш бўйича дипломатик саъй-ҳаракатларни четлаб ўтганини айтди. Молдова ва Грузия расмийлари ҳам салбий муносабат билдирди.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ҳам Россия Федерацияси қарорини «Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини бузиш ҳамда БМТ Низоми тамойилларига зид» эканини таъкидлади.
«Бош Ассамблеянинг тегишли резолюцияларига мувофиқ, БМТ Украинанинг халқаро тан олинган чегаралари доирасидаги суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда давом этади», — деди у.
Шу билан бирга, Сурия, Куба, Венесуела, Никарагуа ва бошқа баъзи бир давлатлар Россияни қўллаб-қувватладилар ва ЛХР ва ДХР мустақиллигини тан олишга тайёр эканликларини маълум қилишди.