Ўзбекистонда уй-жой мулкдорлари ширкати ўрнини бошқарувчи компаниялар эгаллайди. Бундай кўрсатма президент Шавкат Мирзиёев томонидан Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига берилди, деб хабар беради давлат раҳбарининг матбуот хизмати.
Йил охиригача Тошкент шаҳрининг барча туманларида бошқарувчи компаниялар пайдо бўлиши керак. Хизматларидан аҳоли рози бўлган ширкатлар ва уй-жойни бевосита бошқарувчилар бундан мустасно бўлади. Бунинг учун махсус ишчи гуруҳ жойларга чиқиб, уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолияти, аҳоли фикрларини ўрганади, ширкатлар ва бошқарув компанияларининг молиявий муаммоларини ҳал этиб боради.
Фаолияти ва молиявий аҳволи қониқарсиз бўлган ширкатлар ҳудудини очиқ танлов асосида бошқарув компанияларига берилади.
Уй-жой бошқарув компанияларига муайян имтиёз ва енгилликлар берилади. Жумладан, улар фойда ва мулк солиғидан озод этилади, ижтимоий объектларга аутсорсинг асосида хизмат кўрсатиш учун тўғридан-тўғри шартнома тузишга рухсат берилади, махсус техника ва ускуналар сотиб олишга 90 миллиард сўм кредит ажратилади.
Импорт қилинадиган ускуна ва техникаларга божхона божлари келгуси 3 йилда «ноль» ставкада қўлланилади, тугатилаётган ширкатларнинг муаммоли кредитлари 3 йилга музлатилади.
2020 йилда тажриба тариқасида Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги 110 та кўп қаватли уй қонунчиликда белгиланган тартибда бошқарув компанияларига берилган эди. Бу тажриба 2021 йилда барча вилоят марказлари, Чирчиқ ва Ангрен шаҳарларида давом эттирилиб, 15 та бошқарув компанияси томонидан хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган.
«Масалан, Навоий шаҳридаги 116 та кўп қаватли уйга битта бошқарув компанияси томонидан хизмат кўрсатилган бўлиб, муддати ўтган қарздорлик 2 баравар қисқарган. Бу компания 34 турдаги махсус техника олиб, аҳоли ва тадбиркорларга 20 дан ортиқ янги хизматларни йўлга қўйган», — дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Хусусан, жорий йилда 10 та қозонхонани модернизация қилиш ва 2 та янги қозонхона қуриш, 120 километр иссиқлик тармоқларини янгилаш, натижада 24 минг 400 та хонадон ва 51 та ижтимоий соҳа объектларининг иссиқлик энергияси таъминотини яхшилаш режалаштирилган.
Бундан ташқари маҳаллаларда болалар ва спорт майдончалари қурилади, йўлаклар тартибга келтирилиб, дарахтлар экилади. Бунинг учун 579 та маҳалланинг ҳар бирига бюджетдан 1 миллиард сўмдан ажратилган.