Ўзбекистон Туризм ва спорт вазирлиги икки давлат органига бўлинди. Эндиликда мамлакатда Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Спортни ривожлантириш вазирлиги фаолият юритади. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Депутатлар Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари – Туризм ва маданий мерос вазири лавозимига Азиз Абдуҳакимов номзодини кўриб чиқди ва маъқуллади.
2017 йилнинг июн ойидан буён Савдо-саноат палатасига раҳбарлик қилиб келаётган Адҳам Икромов спортни ривожлантириш вазири этиб тасдиқланди.
Туризм ва спорт вазирлиги 2021 йил апрель ойида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасини бирлаштириш орқали ташкил этилганди. Унга Азиз Абдуҳакимов раҳбарлик қилди.