Олимпиада қизғин палласида Ўзбекистон МОҚ раҳбари истеъфога чиқди

Рустам Шоабдурахманов. Фото Olympic.uz

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов ўз хоҳиши билан эгаллаб турган лавозимини тарк этди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Миллий Олимпия қўмитасига янги раҳбар МОҚнинг навбатдан ташқари Бош Ассамблеяси йиғилишда сайланади.

Шоабдураҳмонов 2019 йилнинг май ойидан буён МОҚ раҳбари лавозимида ишлаб келаётганди. Ундан олдинги президент Умид Аҳмаджонов қарийб бир ярим йил ишлагандан сўнг Олимпия қўмитасининг навбатдан ташқари йиғилишида фаолияти танқид қилинганидан сўнг истеъфога чиқди. Шоабдураҳмонов номзоди йиғилишда ҳозир бўлган Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов томонидан таклиф этилганди.

«Олдинда катта ва нуфузли мусобақалар, Олимпия ўйинлари турибди. Рустам Шоабдураҳмонов ана шу талабларга жавоб берадиган раҳбар ва у қўйилган вазифаларнинг уддасидан чиқади, деган умиддамиз», — деган эди ўшанда Бош вазир.

Шу билан бирга, 2021 йил ёзида Токиода бўлиб ўтган XXXII Олимпиадада Ўзбекистон терма жамоаси Рио-де-Жанейродаги олдинги ўйинларга нисбатан анча кам медал жамғарган – 13 тага қарши 5 та медал ва 32-ўринни эгаллаган (2016 йили – 21-ўрин эди).

Агар 2018 йил Пхёнчханда бўлиб ўтган Қишки Олимпиада ўйинларида Ўзбекистонни икки нафар спортчи ҳимоя қилган бўлса, Пекинга фақат биттаси – чанғичи Комилжон Тўхтаев (аввалги ўйинларнинг иккинчи иштирокчиси, фигурали учувчи Миша Ге 2018 йили спорт фаолиятини якунлаган) иштирок этди.

Тўхтаев гигант слаломда кўрсатган натижага кўра 29-ўринни эгаллади. Слалом бўйича мусобақада ўзбекистонлик спортчининг югуриши сўнгги дарвозадан нотўғри ўтгани учун ҳисобланмади ва спортчи Олимпиададаги иштирокини якунлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ