Ўзбекистон толибларнинг мамлакат шимолий ҳудудларига қуролли кучлар йўналтираётганига доир хабарни рад этди

TOLOnews сайти фотосурати

Ўзбекистон оммавий ахборотларда пайдо бўлган Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган «Толибон»* радикал ҳаракати шимолий чегара вилоятларига ўз жангариларидан иборат 10 минг кишилик армияни жўнатаётгани тўғрисидаги хабарни рад этди. «РИА Новости»нинг ўз манбасига таяниб хабар беришича, «Ўзбекистон чегараси томон бирорта куч [«Толибон» жангарилари] йўналтирилаётгани» кузатилмаган.

Эслатиб ўтамиз, 14 февраль куни «Интерфакс» толиблар Мудофаа вазирлиги бош штаби раҳбари Қори Фасиҳуддиннинг баёнотига таяниб, «Толибон» Афғонистоннинг Тожикистон ва Ўзбекистон билан чегарадош вилоятларига замонавий қурол-яроғ ва техника билан қуролланган 10 минг жангари юбораётгани ҳақида хабар берган эди.

«Мамлакатнинг шимолий ва шимоли-шарқий вилоятларида жойлаштирилган НАТО ва АҚШнинг энг замонавий технологиялари билан қуролланган 10 минг кишилик кучли армия ҳар қандай қуролли ҳаракатга қарши чора кўра олади», — деганди Қори Фасихуддин.

Бу кучлар айнан кимга қарши ҳаракат қилиши кераклигини у тушунтирмаган.

Шуни таъкидлаш жоиз, Афғонистонда кенг кўламли жанговар ҳаракатлар одатда баҳор арафасида қайта жонланади ва толиблар рақиблари қаршилик кўрсатаётган ҳудудларда ўз кучларини кўпайтиришга ҳаракат қилишлари мумкин. Ўтган кузда толиблар пуштун бўлмаган этнослар истиқомат қиладиган шимолий вилоятларда жангавор ҳаракатлар олиб боргандилар.

Бундан ташқари, январь ойида шимолий Фарёб вилоятида радикал ҳаракатнинг маҳаллий этник ўзбек етакчиси ҳибсга олиниши ортидан пуштун толиблари ва ўзбеклар ўртасида тўқнашувлар бўлиб ўтди. Толиблар вазиятни назорат остига олиш учун мазкур ҳудудга қўшимча қўшин юборишга мажбур бўлдилар.

Аввалроқ, толиблар Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Иноятуллоҳ Хаваризми радикал ҳаракат армия сонини 150 минг кишига етказиш ниятида эканини маълум қилганди. Шундай қилиб, «Толибон» қуролли кучлари сон жиҳатидан Марказий Осиё республикалари армияларининг ҳар қайсисидан устун бўлиши мумкин.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ