Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси (ДБҚ) ходимлари «Ойбек» чегара пунктида Санкт-Петербург рақами билан Тожикистондан Россияга йўл олган юк машинасида 230 кг героин топдилар. Бу ҳақда 15 февраль куни «Ўзбекистон 24» телеканалида хабар берилди.
Ҳужжатларга кўра, юк машинаси 21,5 тоннадан ортиқ пахта толасини олиб кетаётган бўлган. Бироқ, у божхона сканеридан ўтганида, пайдо бўлган тасвир божхоначиларда юк машинасида нимадир яширинган деган шубҳа уйғотади.
Бурғи ёрдамида ходимлар кичик тешик очадилар, у ердан ўткир ҳид чиқади. Автотранспорт воситасини кўздан кечириш чоғида хизмат ити тақиқланган моддаларни топганлиги ҳақида белги беради. Хабарга кўра, юклар орасидан 232 дона дона турли ранглардаги скотчларда, турли усулларда ўралган гиёҳвандлик воситалари топилади. Ўрамларнинг жами оғирлиги ўрами билан биргаликда ҳисоблаганда 245 кг 200 граммни ташкил қилган. Экспертиза хулосаси уларнинг барчаси «героин» гиёҳвандлик воситаси эканлигини тасдиқлаган. Мазкур ҳолатда тўхтатиб қолинган героиннинг соф оғирлиги 229 кг 700 граммни ташкил қилганлиги айтилди.
Божхона қўмитасининг маълум қилишича, ушбу наркотик воситаларнинг Европа «қора бозорлари»даги нархи 12−14 млн АҚШ долларини ташкил қилади. Ушбу воқеа юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Таъкидлаш жоиз, Афғонистон нафақат Марказий Осиё минтақасида, балки бутун дунёда героиннинг асосий ишлаб чиқарувчи ҳудуд ҳисобланади. Наркотрафикнинг шимолий йўналиши Афғонистондан Тожикистон ҳудуди орқали, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон орқали Россия ва Европа давлатларига ўтади.
Ўтган йил август ойида Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган «Толибон»* радикал ҳаракати дастлаб героин ишлаб чиқаришни йўқ қилиш ниятида эканини маълум қилди, бироқ де-факто бу ишлар амалга ошмаяпти. Мутахассисларнинг фикрича, кўкнори етиштириш толиблар иқтидорга келганларидан кейин ўсиб бормоқда.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).