2021 йил август ойида Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган «Толибон»* радикал ҳаракати армияси сонини 150 минг кишига етказмоқчи. Бу ҳақда толиблар Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Иноятуллоҳ Хаваризми (Enayatullah Kharazmi) Bakhtar агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, янги қуролли кучларни шакллантиришда Мудофаа вазирлиги жанговар тажрибага эга, жумладан аввалги ҳукуматда хизмат қилган ҳарбий хизматчиларни сафарбар қилишни режалаштирмоқда. «Бундай тузилмани яратиш учун профессионал кадрлар керак, Миллий Мудофаа вазирлиги янги армияга жанговар тажрибага эга офицерларни жалб қилади», — деди Хаваризми.
Мудофаа вазирлиги вакили бўлажак армиянинг техник жиҳозланишини шарҳлар экан, толиблар «қатор қўшни давлатлар билан» ҳарбий техника етказиб бериш бўйича музокаралар олиб бораётганини айтди.
Бундан олдин толиблар армия сони 100 минг кишидан иборат бўлишини айтишганди. Агар «Толибон» қуролли кучлар сонини 150 мингга етказса, у ҳолда толиблар Марказий Осиё республикаларининг мунтазам армиясидан кўп сонли қўшинга эга бўладилар. Global Firepower Index лойиҳасига кўра, Ўзбекистон — 50 минг нафар, Қозоғистон – 132 минг (январь воқеаларидан сўнг у ҳозир ислоҳот қилинмоқда. – «Фарғона» изоҳи), Туркманистон — 22 минг, Тожикистон — 9 минг ва Қирғизистон — 11 минг кишидан иборат армияга эга.
Толиблар ўз ҳаво кучларини яратишга алоҳида эътибор қаратмоқдалар, зеро аввали уларда бундай куч йўқ эди.
Шунингдек, Хаваризми ўз интервюсида жангариларнинг ахлоқини назорат қилувчи комиссия бугунга қадар 4202 нафар жангчини «Толибон» сафидан чиқарганини маълум қилди.
«Фарғона» толиблар томонидан ўтган йил ноябрь ойида «Тозалаш комиссияси» тузилганини хабар қилганди. Радикал ҳаракат жангариларнинг ўзбошимчалиги, репрессиялар ўтказаётганлари юзасидан тушаётган кўплаб шикоятларга нисбатан шундай йўл тутишга қарор қилди. Комиссия «Толибон» асосчиси мулла Умарнинг ўғли Муҳаммад Ёқуб бошқараётган Мудофаа вазирлигига бўйсунади. Шу йилнинг ярварь ойи ўрталарида «Тозалаш комиссияси» ҳаракат обрўсига путур етказган уч мингдан ортиқ кишини аниқлаб, ҳаракат сафидан чиқариб юборди.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).