Мирзиёев 1 майга қадар автомобиль харидидаги навбатларни бартараф этишни талаб қилди

Uzauto Motors матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 1 майга қадар автомобиль сотиб олишдаги навбатларни бартараф этишни талаб қилди. Бу ҳақда у 14 февраль куни видеоселектор йиғилишида маълум қилди, деб хабар беради президент матбуот хизмати.

«Ўзавтосаноат» АЖ бошқаруви раиси Шавкат Умурзоқов автомобиллар савдосидаги сунъий навбатлар ва коррупция ҳолатларига барҳам бериш учун шахсан жавобгар бўлади, унга инсон омилидан холи шаффоф савдо тизимини яратиш учун бир ҳафта муддат берилди.

UzAuto Motors автомобиллари учун олдиндан тўлов миқдорини 85 фоиздан 50 фоизга камайтириш топширилди.

Йиғилишда ўсиб бораётган ички талабни қондириш учун биринчи ярим йилликда камида 160 минг дона автомобиль ишлаб чиқариш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, йил охирига қадар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобиллар сонини 275 мингтага етказиш учун бутловчи қисмларнинг ўз вақтида етказиб берилиши устидан назорат ўрнатиш вазифаси қўйилди.

Вазирлар Маҳкамасига уч кун муддат ичида импорт қилинадиган енгил автомобиллар учун божхона тўловлари ставкаларини икки баравар – 30 фоиздан 15 фоизга камайтириш тўғрисидаги қарор лойиҳасини киритиш топширилди.

Президент сўнгги пайтлар Ўзбекистон автомобиль саноатида хорижий компаниялар иштирокида янги корхоналар очилаётгани, акциз солиғи бекор қилингани туфайли рақобат муҳити яратилганини таъкидлади. Натижада кейинги тўрт йилда автомобиль ишлаб чиқариш 1,8 баробар, саноат экспорти эса 2,7 баробарга ошди, 2 минг 600 номдаги бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.

UzAuto Motors компанияси Fitch Ratings ва Standard and Poor’s агентликларининг «барқарор» кредит рейтингини олди ва халқаро молия бозорларида 300 миллион доллар миқдоридаги еврооблигацияларни жойлаштирди.

Ўтган йил ноябрь ўрталарида UzAuto Motors автомобиллари учун навбатда 90 мингга яқин одам рўйхатга олингани ҳақида хабар берилган эди. Айни пайтда Lacettiни 38,5 минг, Damasни 27,2 мингдан ортиғи, Cobaltни 17 мингга яқин, Sparkни деярли 3 минг ва Nexiaни 2,5 минг киши кутмоқда.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йили Ўзбекистонда деярли 236,7 мингта автомобиль ишлаб чиқарилган. Жумладан, 71 мингдан ортиқ Cobalt, 51 мингдан ортиқ Lacetti-Gentra, 31,5 мингга яқин Nexia Т-250, 55 мингдан ортиқ Damas, 17 мингдан ортиқ Labo ва қарийб 10 мингта Spark тайёрланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ