Ўқитувчиларни кечирим сўрашга мажбур қилган туман халқ таълими бўлими мудири ва мактаб директори ишдан бўшатилди

KUN.UZ САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Андижон вилояти Марҳамат тумани халқ таълими бўлими мудири Алиёхон Абдувоҳидова ва ўқитувчиларнии ота-оналардан узр сўраттирган 72-ихтисослаштирилган мактаб директори Муқаддамхон Хасановалар ўз лавозимидан бўшатилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар беради.

Андижон вилояти ҳокимлигида бўлиб ўтган йиғилишда Марҳамат тумани ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Мухторжон Қурбонов эгаллаб турган лавозимидан озод этилган, унинг раҳбари – туман ҳокимига «ҳайфсанд» интизомий жазо берилган.

Ўқитувчиларнинг ота-оналардан узр сўраган йиғилиши 4 февраль куни бўлиб ўтган. Мактаб директори Муқаддамхон Хасанова дастлаб бундай тадбирни ўтказишга қарши бўлганини, кейин эса Мухторжон Қурбоновнинг илтимосига кўра, рози бўлганини айтган. Чунки, у рад жавоби берилган тақдирда иккаласи ҳам туман ҳокимига душман бўлиб қолишидан огоҳлантирган. Учрашув олдиндан ёзилган сценарий бўйича ўтган, узр сўраган ўқитувчиларга кўпроқ ишончли чиқиши учун «кўз ёши» тўкиш тавсия қилинган.

Бундан хабар топган Бахтиёр Саидов 72-мактабда содир бўлган воқеани ўқитувчилар шаънига зарба, давлат сиёсатига қарши ҳаракат деб баҳолади. Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси раҳбари Азизбек Миркомилов бўлиб ўтган воқеада Марҳамат тумани ҳокими Бобуржон Йўлдошевни айблади. Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов «кечирилмас хатога йўл қўйган раҳбарлар қонун доирасида жазоланиши»ни ваъда қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ