Ўзбекистонда иқтисодий самарасиз нефт базалари йўқ қилинади, фермерлар учун ёқилғи тақсимлаш шахобчалари (ФЁТШ) тугатилади. Бу ҳақда «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти матбуот хизмати хабар берди.
«Қулай шароит ва географик жойлашувга эга» айрим ФЁТШлар «Ўзбекнефтгаз» бренди остида ишлайдиган ёқилғи қуйиш шохобчаларига айлантирилади. Бухоро, Самарқанд, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари нефт базаларига қарашли ёқилғи қуйиш шохобчаларини ҳам шу брендга бериш режалаштирилган.
Бундай қарор нефт базаларини молиявий соғломлаштириш, нефт маҳсулотларини ташиш, сақлаш ва сотиш жараёнларини такомиллаштириш мақсадида қабул қилинди. Компанияда тўлов интизомига қатъий риоя этилишини таъминлаш, дебиторлик қарздорлик шаклланишига йўл қўймаслик, нефт маҳсулотларини биржа савдоларини четлаб ўтиб етказиб бериш ҳолатларига барҳам беришга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
Ўғирлик ҳолатларининг олдини олиш мақсадида компания томонидан нефт маҳсулотлари ҳаракатини мониторинг қилиш бўйича ахборот тизими яратилади.
Бундан олдин «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти матбуот хизмати маҳсулотларнинг ноқонуний етказиб берилиши ва ўғирланаётгани ҳолатлари юзасидан бир неча бор хабарлар берганди. Масалан, Тўрақўрғон резервуарида 2,5 миллиард сўм (231 минг доллар) камомад ва ўғирлик ҳолатлари аниқланган.
2021 йил бошида Бухоро нефт базасида умумий қиймати 33,9 миллиард сўмлик (3 миллион доллардан ортиқ) қонунбузарликлар аниқланиб, тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларга юборилган. Лекин бу чоралар қонунбузарликларни тўхтатишга ёрдам беролмади ва 2022 йил бошидаёқ «Ўзбекнефтгаз» инспекторлари соҳада яна «нефт маҳсулотларини сақлаш, истеъмолчиларга етказиб бериш бўйича кўплаб мақсадсиз харажатлар, дебиторлик, кредиторлик қарзлари, шунингдек амалдаги қонунчилик меъёрларга риоя қилмаслик» ҳолатларини қайд этишди.