Ўзбекистон Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов Андижон вилоятига келиб, бу ерда мактаб ўқувчиларининг ота-оналаридан кечирим сўрашга мажбур бўлган ўқитувчилар билан учрашди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар беради.
Марҳамат туманига келган Саидов 4 февраль куни ота-оналар олдида узр сўрашга мажбур қилинган 72 мактаб ўқитувчилар билан учрашди.
Учрашувда вазир бу ҳодисани ўқитувчи шаънини камситиш деб атади.
«Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев ўқитувчининг қадр-қиммати масаласини давлат сиёсатининг энг юқори поғонасига кўтариб, ўқитувчи жамиятимизда энг ҳурматли шахс эканлигини доимо таъкидлаб келади. Шундай экан, ўқитувчини хафа қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ўқитувчи қадрланмаган мамлакатнинг келажаги йўқ», — деди Саидов
Шу билан бирга, вазир ўқитувчиларнинг ўзлари ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишлари кераклигини таъкидлади.
Саидов ҳодисага сабаб бўлган мутасаддиларга нисбатан чора кўрилишини айтди.
Бундан олдин Халқ таълими вазирлиги Марҳамат туманида уч юз нафар ота-она, мактабдаги ҳамкасблар ва мансабдор шахслар кўз ўнгида ўқитувчиларни обрўсизлантириш ва қадр-қимматини камситиш фактларини тасдиқловчи материаллар тўплангани ҳақида хабар берган эди. Аниқланишича, ота-оналар йиғилиши туман ҳокимлиги ва бир қатор мутасадди раҳбарлар ташаббуси билан ташкил этилган. Тўпланган материаллар мутасадди раҳбарларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун Бош прокуратурага йўлланган.
Ўқитувчиларнинг ота-оналардан узр сўраган йиғилиш 4 февраль куни бўлиб ўтганди. 72-мактаб директори Муқаддамхон Ҳасанова аввалига бундай тадбир ўтказилишига қарши тургани, кейин эса – туман ҳокими ўринбосарининг илтимосига биноан рози бўлганини айтган. Учрашув олдиндан ёзилган сценарий бўйича ўтган, узр сўраган ўқитувчиларга ишончли чиқиши учун «кўз ёшлар тўкиш» тавсия қилинган.
Бундан хабар топган Бахтиёр Саидов 72-мактабда содир бўлган воқеани ўқитувчилар шаънига зарба, давлат сиёсатига қарши ҳаракат деб баҳолади. Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси раҳбари Азизбек Миркомилов бўлиб ўтган воқеада Марҳамат тумани ҳокими Бобуржон Йўлдошевни айблади. Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов «кечирилмас хатога йўл қўйган раҳбарлар қонун доирасида жазоланиши»ни ваъда қилди.