БМТ Афғонистонда ўғирлаб кетилган барча фаоллар озод этилганини маълум қилди

Ўғирлаб кетилган афғон фаол аёлларидан бири -Заҳра Муҳаммадий. Twitter тармоғи фотосурати

13 февраль куни БМТнинг Афғонистондаги миссияси январнинг иккинчи ярмида «йўқолиб қолган» тўрт нафар афғон фаолининг барчаси мамлакатда ҳокимиятни қўлга олган «Толибон»* радикал ҳаракати томонидан озод қилинганини маълум қилди. Бундан ташқари, бир вақтнинг ўзида ўғирлаб кетилган фаолларнинг яқинлари ҳам қўйиб юборилган.

Эслатиб ўтамиз, 16 январь куни Кобулда афғон аёлларининг толиблар томонидан ҳуқуқлари поймол этилаётгани ва аёлларнинг паранжи кийиши мажбурийлигига қарши ўтказилган норозилик акциясидан сўнг ҳукумат жангарилари фаолларнинг уйларига бостириб киришган. Натижада тўрт нафар аёл – Тамана Заряби Парияни, Паравана Иброҳимхел, Заҳра Муҳаммадий ва Мурсал Аияр ўғирлаб кетилган. Бундан ташқари, жангарилар Парияни билан бирга унинг уч синглисини уйидан олиб кетишган.

Толиблар фаолларнинг ғойиб бўлишига алоқадорлигини инкор этган. Халқаро ташкилотлар, жумладан БМТ радикаллардан аёлларни зудлик билан қўйиб юборишни ёки улар қаерга ва нима учун олиб кетилганини текширишни талаб қилган, чунки гувоҳлар уларни ўзларини «Толибон» жангарилари деб танитган қуролли шахслар олиб кетганини даъво қилишган.

Бундан олдин, «Фарғона» 19 январь куни ўғирлаб кетилган Париянинг озод этилганини тўғрисида хабар пайдо бўлганини ёзганди. Бироқ, аёлнинг қариндошлари ҳам, толиблар ҳам бу маълумотни тасдиқламади.

Таъкидлаш жоиз, ўтган йил август ойида Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритгач, толиблар 1996 йилдан 2001 йилгача Афғонистонда ҳукмронлик қилган биринчи даврдагидан нисбатан вазминроқ ҳаракат қилишга уринган бўлсалар-да, аёллар ҳуқуқларини мунтазам чеклай бошладилар.

Ўша даврда қизларнинг мактабга бориши, аёлларнинг меҳнат қилишлари, ўқишлари, спорт билан шуғулланишлари, жамоат ишларида иштирок этишлари тақиқланган эди. Афғонистонда оммавий ахборот воситалари йўқ эди, телевидение, кино ва бошқа кўплаб кўнгилочар тадбирлар тақиқланганди.

Ҳокимиятга қайтганидан сўнг «Толибон» кўпчилик қизларнинг ўрта мактабда ўқишини тақиқлаб, аёлларнинг давлат хизматида ишлашига чекловлар қўйди. Хотин-қизлар ишлари вазирлиги тугатилди. Бунинг ўрнига толиблар Исломий фазилатларни тарғиб қилиш ва иллатларнинг олдини олиш вазирлигини ташкил этишди. Январь ойи бошида вазирлик афғон аёлларининг паранжи ёпиниб юришига доир кўрсатма берди. Бу ўқимишли афғон аёллари орасида кенг норозиликни келтириб чиқарди.

Сўнгги пайтларда толиблар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга уринаётган аёлларга нисбатан беписанд муносабатда бўлишди — уларни ҳибсга олиш, калтаклаш, аёллар намойишларини кўздан ёш оқизувчи газлар билан тарқатиш одатий ҳолга айланди.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ