Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима баллари тизими жорий этилади

Nuz.uz сайти фотосурати

Ўзбекистонда ҳайдовчиларга йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун балл берилади. Бу ҳақда 11 февраль куни мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев «Хавфсиз ва равон йўл» тамойили асосида йўлларда инсон хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирларига бағишланган йиғилишда маълум қилди.

«Масалан, ҳайдовчи тезликни оширса – 1 балл, қизил чироқда ўтса – 3 балл ҳисобланади. Агар бир йилда қоидабузарликлар жами 12 баллдан ошса, ҳайдовчи автомобиль бошқариш ҳуқуқидан маҳрум бўлади», — деди президент.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги статистик маълумотлар таҳлили шундай қарорга олиб келди. Статистик маълумотларга кўра, бахтсиз ҳодисалар 45% ҳолларда ҳайдовчиларнинг белгиланган қоидаларга эътиборсизлиги, 10% — уларнинг тажрибасизлиги, 25% — йўллар ва инфратузилманинг ҳолати талабларига риоя қилмаслик, 20% — пиёдалар томонидан йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаслик туфайли юз беради.

2021 йили Ўзбекистонда 7,7 миллионта йўл ҳаракати қоидалари бузилиши қайд этилган бўлиб, уларнинг 46 фоизи қўпол равишда бузилган. Шу жумладан:

❗️ Маст ҳолда ҳайдаш. Бу ҳолатларнинг аксарияти Самарқанд (12 минг) ва Тошкент вилоятларида (8,5 мингта), шунингдек, Фарғона (7,5 минг) ва Тошкент (7 минг) шаҳарларида қайд этилган;

❗️ Қизил чироқда ўтиш. Бу ерда етакчилик Тошкент вилояти (62 минг ҳолат), Самарқанд (51 минг) ва Тошкент (47 минг) шаҳри.

2021 йили республика бўйича 95 минг нафар ҳайдовчи 5 тадан кўп, 9 минг нафари 20 тагача, 700 нафари 50 тагача, 18 нафари 100 тагача қоидабузарлик содир этган.

Юнусобод туманида яшовчи ҳайдовчи 2021 йили 133 маротаба қоидабузарлик содир этган (230 миллион сўм жарима ҳисобланган).

Мирзиёев йўл ҳаракати қоидаларини бузганларга нисбатан жазо муқаррарлигини таъминлашни талаб қилиб, йўлларда безорилик қилиш ва йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчиларига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик жорий этилишини маълум қилди.

Бундан аввал президент Ўзбекистонда ҳайдовчилик таълим тизими такомиллаштирилиши, ҳайдовчилик гувоҳномасини ўқимасдан туриб берганлик учун жазо кучайтирилишини айтган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ