Тимур Бекмамбетов Тошкентда маҳорат дарси ўтказади

Kino-teatr.ru сайти фотосурати

14 февраль куни таниқли режиссёр Тимур Бекмамбетов Тошкентда маҳорат дарси ўтказади. Бу ҳақда Ўзбекистон Кинематография агентлигининг матбуот хизмати хабар беради.

Бекмамбетов билан учрашув С.А. Герасимов номидаги Бутунроссия давлат кинематография институтининг (ВГИК) Тошкент филиалида бўлиб ўтади. Унга филиал талабалари, ёшлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари таклиф этилган.

Бекмамбетов ўтган йил кузида «Ипак йўли гавҳари» XIII халқаро кинофестивали доирасида ёш киноижодкорлар учун маҳорат дарслари ўтказган эди. Шу билан бирга, Бекмамбетовнинг «Базелевс» кинокомпанияси Ўзбекистон ва Қозоғистонда анимация мактабларини очиши, кейинчалик улар тўлақонли студияларга айланиши кераклиги маълум бўлди. Студиялар «Хўжа Насриддин» мултфильми ва бошқа анимацион лойиҳаларни суратга олишда иштирок этади.

Тимур Бекмамбетов — россиялик кинорежиссёр, сценарийчи, продюсер ва клип режиссёри. Bazelevs кинокомпанияси асосчиси. У 1961 йили Гуревда (ҳозирги Атирау, Қозоғистон) туғилган. 1987 йили А.Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик институтини театр ва кино рассоми мутахассислиги бўйича тамомлаган. Кейин у Москвага кўчиб ўтади ва у эрда биринчи марта реклама роликларини суратга олади ва бир мунча вақт ўтгач, тўлиқ метражли фильмлар ярата бошлади. «Тунги назорат» ва «Кундузги назорат» ленталари унга машҳурлик келтирди. 2005 йили Бекмамбетов Голливудга таклиф қилинди, у Fox кинокомпанияларининг бир қатор лойиҳаларида иштирок этмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ