Тошкентга трамвай қайтарилади. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бу борадаги ниятни Самарқанд вилоятига сафари чоғида маълум қилди, деб ёзади Daryo.uz.
«Трамвайни Тошкентга ҳам қайтармоқчимиз. Фуқаролардан бу борада кўплаб хатлар ва мурожаатлар келяпти», — дейди Шавкат Мирзиёев ушбу транспорт тури Самарқанд бўйлаб ҳаракатланаётганини таъкидлар экан.
Ўтган йил 31 декабрда фойдаланишга топширилган туннелни кўздан кечириш чоғида Мирзиёев хавфсиз йўл ҳаракати концепциясини яратиш ҳақида гапирган ва жумладан, яқин келажакда Тошкентда максимал тезлик соатига 60 километрга туширилишини айтган эди.
Тошкентда 1901 йил 30 мартидан 2016 йил 2 майига қадар трамвай ҳаракати мавжуд эди. Сўнгра пойтахтдаги трамвай йўллари демонтаж қилинди, вагонлар Самарқандга ўтказилди, у ерда 2017 йил 30 мартдан трамвай ҳаракати тикланди.
Оммавий ахборот воситалари ва тошкентликлар блогларида трамвай қатнови бекор қилингани борасида бир неча бор афсуслар билдирилган. Январь ойи охирида тележурналист Хайрулла Нуриддинов «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Менимча» кўрсатувида (бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов ўзининг Телеграм-каналида кўпинча реклама қилади) пойтахтга трамвай қайтиши тарафдори эканини билдирди.
«Катта ва гавжум шаҳар учун трамвай жуда мос келади. Биз ҳаммамиз бу қулай, нафис, равон юрадиган ва энг муҳими, атроф-муҳитга зарар келтирмайдиган қиммат трамвайларимизни эслаймиз. Билмадим, балки хато қилаётгандирман, лекин бу менинг шахсий фикрим. Агар мен шаҳар раҳбариятининг ўрнида бўлганимда, шундай ташаббус билан чиққан бўлардим», — дея Нуриддиновнинг сўзларидан иқтибос келтиради «Газета.Uz».
2020 йили «Фарғона» нашрига берган интервьюсида Тошкентдаги жамоат транспортига бағишланган «Ко дну» («Тубликка қараб»)Телеграм канали маъмурлари трамвайнинг қайтиши транспорт тирбандлиги билан боғлиқ муаммоларни қисман ҳал қилишини, бироқ бу яхши режалаштирилсагина амалга ошишини таъкидлагандилар..
«Масалан, самарадорлик нуқтаи назаридан қурилаётган айлана метро линияси ўрнига замонавий тезюрар трамвай тизимини қуриш маъқулроқ бўларди. Ёки трамвайни шаҳарнинг марказий диаметрларига — Навоий, Руставели, Муқимий, А. Темур кўчаларига қайтариш мақсадга мувофиқ. Аммо, афсуски бу қимматга тушади, зеро тизимни нолдан қуриш керак бўлади. Трамвай мавжудлигида эскирган тизимни модернизация қилиш керак эди, бу анча арзонроқ бўлар эди, аммо амалдорлар ушбу транспорт туридан бутунлай воз кечишга қарор қилишди», — деганди канал маъмурлари.