Ўзбекистон молия бозорини ривожлантириш учун ОТБдан 100 миллион доллар кредит олади

Kun.uz сайтидан ОТБ матбуот хизмати фотосурати

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) директорлар кенгаши Молия бозорини ривожлантириш дастури доирасида Ўзбекистонга 100 миллион доллар миқдорида кредит ажратишга қарор қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 8 февралда қабул қилинган мазкур дастурни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорида қайд этилди, деб ёзади Norma.uz.

Кредит беш йиллик имтиёзли давр билан 25 йилга берилади. Пул Ўзбекистон давлат бюджети харажатларини қоплашга йўналтирилади. Лойиҳанинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш, шунингдек ОТБ маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш Республика Молия вазирлиги зиммасига юклатилган.

ОТБ кредити ва фоизларни тўлаш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Бундан олдин Осиё тараққиёт банки (ОТБ) 2022-2024 йиллари Ўзбекистонга умумий қиймати 2,8 миллиард доллар бўлган 27 та лойиҳани амалга оширишда ёрдам бериши маълум бўлганди. Айни пайтда ОТБ инфратузилмавий ривожланиш, уй-жой коммунал хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида амалга оширилаётган 5 миллиард долларлик 29 та лойиҳани молиялаштирмоқда. Шунингдек, ҳозирги кунда Ўзбекистонда қуёш энергиясини ривожлантириш бўйича ОТБнинг умумий қуввати 1 ГВт тенг бўлган алоҳида Дастури фаол амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон 1995 йили ОТБга аъзо бўлганидан буён банк мамлакатга 10 миллиард доллардан ортиқ кредитлар, грантлар ва техник ёрдамлар ажратди.Маблағлар энергетика, транспорт, молия ва давлат секторини бошқариш соҳаларидаги лойиҳалар ўртасида тақсимланди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ