Американинг AeroVironment мудофаа компанияси АҚШнинг ташқи ҳарбий сотув (FMS) дастури доирасида Ўзбекистонга Puma 3 AE учувчисиз учиш аппаратларини (УУА) етказиб беради, деб ёзади Kun.uz Shephard Media нашрига таянган ҳолда.
АҚШ армиясининг шартномавий қўмондонлиги билан тузилган шартномасига биноан 8,54 миллион долларлик учувчисиз аппаратларни етказиб бериш 2022 йилнинг 30 ноябрига қадар якунланади. Агентлик шартнома бўйича Ўзбекистонга қанча Puma 3 AE тизими тақдим этилишини ошкор этмаган, бироқ Shephard Defence Insight маълумотларига кўра, шундай дронлардан бири 225 минг доллар туради. Демак, Ўзбекистон кўрсатилган суммага биноан 38 дона учувчисиз учиш апппаратини олади.
Puma 3 AE реал вақтда тасвирлар ёрдамида қуруқликда ва денгизда разведка ва мақсадли маълумотларни тўплаш имкониятига эга. УУА иккита 15 мегапикселли 50х зоом ва кучли ёритгичли камералар билан жиҳозланган. Қурилмани бир киши олиб юриши мумкин, уни қўлдан учириш мумкин. Унга сув кирмайди ва аппарат сув сатхига қўна олади.
Puma 3 AE қанотлари кенглиги 9,2 фут (2,8 м), максимал оғирлиги 15 фунт (6,8 кг) ни ташкил қилади. Учоқ парвозининг давомийлиги куннинг исталган вақтида узлуксиз кузатиш ва юқори аниқликдаги тасвирни олиш билан тахминан 2,5 соатни ташкил қилади. Дрон стандарт антенна билан 20 км гача радиусда ва LRTA (long-range tracking antenna) узоқ масофали кузатув антеннаси билан 60 км гача бўлган масофада вазифаларни бажара олади.
AeroVironment компанияси бундан олдин ҳам Ўзбекистонга дронларни етказиб берган. 2018 йили Ўзбекистон компаниядан тўртта RQ-11 Ravenmini учиш аппаратини сотиб олган.