Халқаро журналистлар федерацияси: Афғонистон матбуот учун энг хавфли давлатга айланган

Ҳалок бўлган журналистлар сони. Ifj.org сайти инфографикаси

Афғонистонда 2021 йили 9 нафар журналист ўлдирилган ва бу вазият мамлакатни матбуот ходимлари учун энг хавфли давлатга айлантирган. Бу ҳақда Халқаро журналистлар федерацияси (IFJ) 9 февраль куни ўз касбий фаолияти учун ўлдирилган ва таъқибга учраган журналистлар ҳақида эълон қилинган йиллик ҳисоботида маълум қилди. 2001 йилдан бери IFJ 93 нафар афғон журналистининг ўлимини қайд этган.

«Афғонистон энг юқори бадал тўлаётган давлат. IFJ Гендер Кенгаши афғон журналистлари аҳволидан хавотирда ва уларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш учун саъй-ҳаракатларни икки бараварга ошириш керак, деб ҳисоблайди, айниқса «Толибон»* томонидан жабрланган афғон журналист аёлларининг оғир аҳволини яхшилаш учун халқаро ҳаракатларни жонлаштиришни талаб қилади», — дейилади федерация ҳисоботида.

Ўтган йили дунёда жами 47 нафар журналист ҳалок бўлди, улардан 7 нафари аёл киши бўлган. Журналистлар мақсадли ҳужумлар, отишмалар ва портлашлар қурбони бўлишган. Яна икки киши тасодифан вафот этган. Оммавий ахборот воситалари ходимларининг ўлими 2020 йилга нисбатан камайган, бир йил олдин журналистларни ўлдириш бўйича 65 та ҳолат қайд этилганди. Аммо бу пасайишга қарамай, 2021 йил — оммавий ахборот воситаларига босим ва таҳдидлар ўтказиш бўйича рекорд йили бўлди. IFJ журналистларни нашр учун ҳибсга олиш бўйича 365 та ҳолатни қайд этган, ундан аввалги йил 235 та ҳолат мавжуд эди (ўсиш 5 фоиз бўлган).

Федерациянинг қайд этишича, матбуот эркинлигига қилинган бу ҳужумлар оммавий ахборот воситаларига салбий таъсир кўрсатган. Кўп ҳолларда журналистлар норозилик намойишлари ёки муҳим ижтимоий аҳамиятга эга бўлган коронавирус инқирозини ёритганликлари учун ҳибсга олинган ва ножўя хатти-ҳаракатларда айбланган.

«2021 йили биз шунингдек, журналистларга қарши қўлланилган Pegasus мобил телефон жосуслик дастури ва бошқа кўринишдаги матбуот эркинлигига нисбатан таҳдид борлигини аниқладик. Pegasus кўпгина портатив қурилмалар хавфсизлигини бузди. Манбалар ва журналистларнинг шахсий хабарлари махфийлигини энди одатий ҳол деб бўлмайди», — дея таъкидлайди IFJ.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ