Ўзбекистон аҳолисини ичимлик суви билан таъминлашга хусусий сектор жалб қилинади

Asiaterra.info сайти фотосурати

Ўзбекистон аҳолисини ичимлик суви билан таъминлашни ташкил этишда хусусий сектор жалб этилади. 8 февраль куни мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев иштирокидаги йиғилишда мана шу ҳақда сўз борди.

Ҳукумат манфаатдор тадбиркорларга бир қатор имтиёзлар беради. Масалан, сув иншоотлари қуриш, махсус транспорт ва ускуналар харид қилиш учун кредит фоизининг 14 фоизидан юқори қисмига субсидия берилади. Импорт қилинадиган ускуналар ва техникаларга божхона божлари бекор қилинади. Хусусий сектор иштирокидаги сув таъминоти корхоналарига фойда, ер, мулк ва ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз бўлади. Маҳаллаларда хусусий сув таъминоти хизматлари учун тўловлар миқдори маҳаллий кенгашлар билан келишилган ҳолда белгиланади. Шулардан келиб чиқиб, ижтимоий буюртма ва хусусий шерикларни танлаш ҳамда молиялаштириш тартибини соддалаштириш бўйича топшириқ берилди.

Хусусий сектор иштирокидаги сув таъминоти корхоналари учун даромад солиғи, мол-мулк солиғи, ер ва ижтимоий солиқ ставкалари 1 фоиз миқдорида белгиланади. Маҳаллаларда хусусий сув таъминоти хизматлари учун тўлов миқдори маҳаллий Кенгашлар билан келишилган ҳолда белгиланади.

Охирги беш йилда мазкур соҳага 10 триллион сўм ёки олдинги йилларга нисбатан 5 баравар кўп маблағ ажратилди. Бу даврда 6 миллион 500 минг аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланди.

Лекин, ҳали бу масалада қийналаётган маҳаллалар кўп. Жумладан, Қашқадарё, Сурхондарё ва Жиззах вилоятларида ичимлик суви таъминоти 60 фоиздан кам. Ғузор, Деҳқонобод, Косон, Шеробод, Ангор, Ғаллаорол ва Хатирчи туманларида бу кўрсаткич 30 фоизга ҳам етмайди. 1 минг 545 та маҳаллада марказлашган сув тармоғи йўқ.

Президент маҳаллаларда сув таъминотини ташкил этишнинг учта усулини таклиф қилди:

Биринчидан, инфратузилмага яқин маҳаллаларга марказлашган тармоқ тортилади. Иккинчидан, ерости суви яқин ва тоза бўлган жойларда қудуқ қазилиб, сув иншооти қурилади. Учинчи йўналишга кўра, қудуқ қазиш ва қувур тортиш имкони бўлмаган қишлоқларда катта сиғимли ҳовуз барпо этилиб, сув ташиб келтирилади.

Ичимлик суви таъминоти кўрсаткичи республика бўйича энг паст – 43 фоиз бўлган Қашқадарё вилояти бўйича алоҳида дастур қабул қилиш вазифаси қўйилди.

Йиғилишда дарёлар ва ерости сувларини асраш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Бугунги кунда 8 мингта сув қудуғидан 1 минг 500 таси яроқсиз ҳолатга келган. Оқибатда қарийб 800 та маҳалладаги 2 миллион аҳолининг сув таъминоти ёмонлашган.

Зомин, Нурота ва Қўшработ конларида қудуқлар қазиш, Зарафшон ва Чирчиқ дарёлари ўзанидан қум-шағал олиш назоратсиз, пала-партиш бўлгани сабабли бу ҳудудларда ерости чучук сувлари захиралари 30 метргача пасайган.

Шу боис, бундан буён сув қудуқларини аниқлаш ва бурғилаш ишлари фақат Давлат геология қўмитаси томонидан амалга оширилиши белгиланди. Мутасадди идораларга қудуқларни хатловдан ўтказиш, дарё бўйларини қаттиқ тартибга олиш бўйича кўрсатма берилди.

Президентнинг бошқа фармойишлари қаторида:

👉 яқин икки йилда икки мингта болалар боғчаси, мактаб ва тиббиёт муассасаларини ичимлик суви билан таъминлаш;

👉 ҳудудлардаги инжиниринг корхоналарини вилоят ҳокимликлари тасарруфига ўтказиш;

👉 пуллик хизмат турларини белгилаш ваколати ва улар бўйича тушумлар тўлиқ туман сув таъминоти ташкилотларига ўтказилиш;

👉 Ичимлик суви тармоқларини таъмирлаш, авария ҳолатларини бартараф этиш ҳамда махсус техника хариди учун туман ва шаҳар бюджетларидан маҳаллий “Сувтаъминот” корхонасига маблағ ажратиш тизими жорий этиш;

👉 28 та йирик ва ўрта шаҳарларда, жумладан, Бухоро, Жиззах, Гулистон, Ширин ва Янгиерда канализация тармоқларини кенгайтириш;

👉 «Янги Ўзбекистон массивларида локал оқова-тозалаш иншоотларини қуриш.

Келгуси беш йилда сув таъминотини ташкил этиш, аҳолини ичимлик суви билан таъминлашни 90 фоизга, оқова сувлар билан қоплашни 35 фоизга етказиш учун 40 триллион сўм (3,7 миллиард доллар) сармоя киритиш режалаштирилган. Жорий йилда бу мақсадлар учун бюджетдан 2 триллион сўм (185 миллион доллар) ажратилади ва қўшимча 245 миллион доллар жалб этилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ