Ўзбекистонда республиканинг шимоли-ғарбий ҳудудини жануби-шарқий ерлари билан боғловчи Қўнғирот-Андижон йўналиши бўйича йўловчи поезди қатнови йўлга қўйилди.
Транспорт вазирлигининг хабарига кўра, жорий йилнинг 5-7 февраль кунлари 654/653 — сонли йўловчи поездлари «Қўнғирот – Наманган – Андижон – Қўнғирот» йўналишида биринчи рейсини амалга оширди. Йўловчилар Хўжайли, Нукус, Учқудуқ, Навоий, Самарқанд, Жиззах, Гулистон, Тошкент, Наманган шаҳарларидан ўтиб, Андижонга етиб келдилар.
«Мамлакатимизнинг 8 та ҳудудини ўзаро боғлайдиган бундай транспорт қатновини йўлга қўйишдан кўзланган асосий мақсад, энг аввало йўловчиларга, айниқса, Қорақалпоғистонда истиқомат қилаётган юртдошларимизнинг водий вилоятларига, шунингдек, водий вилоятлари ҳамда республикамизнинг бошқа шаҳар ва туманларидан Орол бўйи ҳудудларига бориб келишлари учун арзон ва қулай транспорт хизматларини кўрсатишдир», — дейилади вазирлик хабарида. Ушбу йўналиш мамлакатда ички туризмни янада ривожлантириш учун ҳам катта имконият яратиши қўшимча қилинган.
Яндекс хизмати жадвалига кўра, 654Ф поезди Қўнғиротдан шанба куни маҳаллий вақт билан соат 07:20да жўнайди ва Андижон 1 бекатига 30 соатдан кейин (якшанба куни соат 13:09 да) етиб боради. Поезд йўналиш бўйлаб 29 та жойда тўхтаб ўтади. Энг узоқ тўхташ жойлари Навоий (35 мин.) ва Самарқандда (31 минут).
Ортга 653Ф поезди якшанба кунлари маҳаллий вақт билан соат 18:00 да жўнайди. Қўнғирот вокзалига душанба куни соат 22:59 да етиб келади. У маршрут бўйлаб 27 та тўхташ жойидан ўтади,энг узоқ тўхташ жойлари «Тошкент-Южний» (53 мин.) ва «Навоий» (25 мин.) станциялари ҳисобланади.
Чипталар нархи рус валютасида кўрсатилган: плацкарт вагонда 2745 рублдан, купеда 4139 рублдан иборат.
Таъкидлаш жоиз, жадвалда 657Ф / 658Ф поездлари ҳам мавжуд бўлиб, улар тахминан бир хил йўналиш бўйлаб ҳаракатланади, лекин йўлда камроқ тўхтайди, душанба ва сешанба кунлари жўнайди.