Урганчда Ал-Хоразмий, Тошкентда Олимпия шаҳарчалари бунёд этилади

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Урганч шаҳрида Ал-Хоразмий шаҳарчаси қурилади. 7 февраль куни Ўзбекистон президенти учун ўтказилган қурилиш лойиҳалари тақдимотида мана шу ҳақда сўз борди.

Лойиҳага кўра, у ерда университет, мактаб ва боғча, IT парк, фан ва маданият марказлари, спорт мажмуаси барпо этилади. Шаҳарча марказида Муҳаммад ал-Хоразмий майдони бўлади, буюк алломанинг янги ҳайкали ўрнатилади.

Урганч шаҳрида Жалолиддин Мангуберди мажмуаси ҳам қурилмоқда. Бугунги кунда жасур саркарданинг муҳташам ҳайкали ўрнатилган. Атрофдаги қарийб 8 гектар майдон ободонлаштирилмоқда. Шунга яқин жойда минг ўринли санъат саройи бунёд этиш ҳам мўлжалланган.

Президентга Самарқанд, Тошкент вилоятлари ва Ўзбекистон пойтахтидаги лойиҳалар ҳам тақдим этилди.

Маълумки, Самарқанд вилоятида Имом Бухорий мажмуаси янгидан барпо этилмоқда. Бугунги кунда бинолар қад ростлаб, пардозлаш ишларига оз фурсат қолди. Тақдимотда мажмуанинг ички ва ташқи кўринишига оид чизмалар кўриб чиқилди. Унга кўра, мажмуа деворлари миллий нақшлар, пардозбоп тошлар билан сайқалланади. Имом Бухорий мақбарасида наққошлик ва хаттотлик санъати уйғунлашади. Унинг деворларига қадимий услубда Қуръони карим суралари ва ҳадислар ёзилади.

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида “Чорвоқ” туристик-рекреацион зонаси ташкил этилмоқда. Унга кўра, Чорвоқ сув омбори ва Чирчиқ дарёси бўйида экотуризм объектлари барпо этилади. Бунинг учун аввало қулай транспорт тизими йўлга қўйилади. «Чорвоқ дарвозаси» ва «Юсуфхона» ҳудудларида дам олиш жойлари, Жанубий Хўжакентда анъанавий тоғ қишлоғи барпо этилади.

Ҳудуднинг хушманзара табиати ва рельефини сақлаб қолишга алоҳида эътибор қаратилади. Боғлар, пикник жойлари, велосипед йўлаклари ташкил қилинади. Шундай лойиҳа Чимён ҳудудида ҳам режалаштирилган.

Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида Олимпия шаҳарчаси қурилиши режалаштирилган. 160 гектарни эгаллайдиган мазкур шаҳарчада универсал стадион, очиқ ва ёпиқ спорт мажмуалари, ётоқхона, меҳмонхона, Чирчиқ дарёсида эшкак эшиш ҳавзаси барпо этилади. Бу инфратузилма йирик мусобақалар ўтказиш ва бўлажак Олимпия захиралари институти учун ўқув-машғулот базаси бўлади.

«Тошкент шаҳрини ёндош ҳудудга кенгайтириш, янги қуриладиган мавзеларни инфратузилма ва транспорт хизматлари билан таъминлаш бўйича лойиҳа концепцияси ҳам кўриб чиқилди», — дейилади давлат раҳбари матбуот хизмати хабарида.

Ўтган йил август ойида Ўзбекистон Сенати қарори билан Тошкент вилоятидан 7 853,3 гектар ер майдони Тошкент шаҳрига, Тошкент шаҳридан 171,3 гектар ер майдони Тошкент вилояти ҳудудига ўтказилиши белгиланди. Ерларни айирбошлаш «Тошкент вилоятининг қўшни туман ва шаҳарлари чегараларидаги кўплаб номутаносибликларни» тузатиш нияти билан изоҳланди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ