Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган «Толибон»* радикал ҳаракати томонидан тузилган ҳукумат БМТ экспертларининг мамлакатда террорчилик фаоллиги ошгани ҳақидаги ҳисоботида келтирилган хулосаларни рад этди. Бу ҳақда TOLOnews телеканали толиблар Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) баёнотига таяниб хабар беради.
2022 йил 3 февралда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Таҳлилий қўллаб-қувватлаш ва санкциялар мониторинги гуруҳи ўтган йил август ойида Афғонистонда толиблар ҳокимиятни қўлга киритганидан сўнг террорчи гуруҳлар у ерда ўзларини эркин ҳис қилаётганлари ҳақида ҳисобот эълон қилди. Мисол учун, Усама бин Ладиннинг хавфсизлик чораларини мувофиқлаштирган Ал-Қоидага алоқадор Амин Муҳаммад ул-Ҳақ Соам Хон август ойи охирида Афғонистондаги уйига қайтган, октябрь ойида эса бин Ладиннинг ўғли Абдулла толиблар билан учрашиш учун мамлакатга ташриф буюрган.
Ҳисоботда айтилишича, Афғонистонда «Ал-Қоида»дан ташқари, авваллари толиблар билан иттифоқдош бўлган «Теҳрики Толибон»*, «Катиба Имом ал-Бухорий»* ва «Ўзбекистон Исломий Ҳаракати»* гуруҳлари ҳам бор. БМТ экспертлари хулосасига кўра, «Толибон» радикал ҳаракат вакиллари ва АҚШ расмийлари ўртасида 2020 йил февраль ойида имзоланган Доҳа келишуви бўйича толиблар Афғонистондан келаётган террорчилик таҳдидларининг олдини олишга ваъда берган бўлсалар ҳам, агар режимнинг халқаро қонунийликка эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини хавф остига қўймаса, улар «Ал-Қоида»га бошпана беришлари мумкин.
TOLOnews келтирган толиблар Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида айтилишича, БМТ экспертлари ҳисоботида «Афғонистон, минтақа ва дунё манфаатига тўғри келмайдиган далиллар, ҳужжатлар ва манзиллар мавжуд эмас».
Баёнотда, шунингдек «Толибон» ҳаракати Афғонистон, минтақа ва бутун дунёда хавфсизликни таъминлашда «ижобий рол ўйнаш» ниятида экани айтилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия ва Тожикистон расмийлари Афғонистон шимолида минглаб жангарилар тўпланиб қолгани, бу Марказий Осиёнинг чегарадош давлатлари учун хавф туғдириши мумкинлиги тўғрисида хабар берган эди.
*Россия ва кўпгина мамлакатларда террорчи сифатида тақиқланган ташкилот.