Ўғирланган афғон фаолларидан бири журналистларга қаерда эканини маълум қилди

Тамана Заряби Парияни. Twitter тармоғи фотосурати

19 январь куни ўз уйидан ўғирлаб кетилган афғонистонлик аёллар ҳуқуқлари фаоли Тамана Заряби Парияни Aamaj News нашрига қамоқда экани тўғрисида хабар юборди.

Эслатиб ўтамиз, «Толибон»* радикал ҳаракати жангарилари Парияни уйидан олиб чиқиб кетишганидан сўнг унинг қаерда экани тўғрисида маълумот йўқ эди. Толиблар аёлни ҳибсга олганликларини рад этишганди.

Ахборот агентлигининг хабарига кўра, «мен қамоқдаман» деган қисқа хабар Париянининг телефон рақамидан келган. Журналистлар тафсилотларга ойдинлик киритишга ҳаракат қилишганида, бу рақамдан бошқа хабарлар келиб тушмаган.

16 январь куни Кобулда афғон аёллари толибларнинг мажбурий паранжи ёпинишга доир қарорига нисбатан норозилик намойиши ўтказганидан сўнг Парияни билан биргаликда тўртта фаол аёл ўғирлаб кетилган.

Халқаро ташкилотлар, жумлада БМТ ҳибсга олинган фаолларни озод этиш ёки уларнинг ғойиб бўлишига доир фактларни текшириш талабига қарамай, толиблар ҳеч қандай суриштирув ишларини олиб бормаганлар.

Ҳокимиятга қайтганидан сўнг, «Толибон» кўпчилик қизларнинг ўрта мактабда ўқишини тақиқлаб, аёлларнинг давлат хизматида ишлашига чекловлар қўйди. Хотин-қизлар ишлари вазирлиги тугатилди. Бунинг ўрнига толиблар Исломий фазилатларни тарғиб қилиш ва иллатларнинг олдини олиш вазирлигини ташкил этди. Январь ойи бошида вазирлик афғон аёлларининг паранжи ёпиниб юришига доир кўрсатма берди. Бу ўқимишли афғон аёллари орасида кенг норозиликни келтириб чиқарди.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ