Татаристоннинг «Химград» компанияси Тошкент вилоятида саноат технопаркини яратишга ёрдам беради

Татаристонлик делегация аъзолари Чирчиқда. «Химград» технополиси матбуот хизмати фотосурати

Тошкент вилоятида «Химград» (Татаристон) технополиси иштирокида «Чирчиқ» кимё-саноат технопарки барпо этилади. Президентнинг тегишли қарори 3 февраль куни имзоланган.

Технопарк «Олмалиқ КМК» акциядорлик жамиятининг Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар ишлаб чиқариш илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси ҳамда «Максам-Чирчиқ» акциядорлик жамиятига қарашли 51-сонли металл натрий ишлаб чиқариш цехи ҳудудларида ташкил этилади.

Технопаркнинг асосий вазифалари инвестицияларни жалб этиш ва маҳаллий хомашё ва материаллар асосида юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқаришдан иборат бўлади.

Бу ерда барпо этилаётган ишлаб чиқариш қувватлари энергиявий тежамкор, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган, экологик тоза, халқаро стандартларга мос бўлиши керак. Технопарк Тошкент вилоятида ишлаб чиқаришни ошириш, вилоят экспортини кенгайтиришга хизмат қилади.

Технопаркнинг амал қилиш муддати 30 йилни ташкил этади ва кейинчалик у узайтирилиши мумкин. Унинг ҳудудида эркин иқтисодий зоналар (ЭИЗ) учун алоҳида солиқ, божхона ва валюта режимлари белгиланган. Шу билан бирга, технопарк иштирокчилари, дирекция ва бошқарувчи компания томонидан киритилган сармоя миқдоридан қатъи назар, 10 йил муддатга солиқ ва божхона имтиёзлари тақдим этилади.

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида технопарк иштирокчиларига, шу жумладан айланма маблағларни тўлдириш учун ажратиладиган кредитлар миқдорининг 50 фоизигача, лекин 8 миллиард сўмдан (740 минг доллардан ортиқ) кўп бўлмаган миқдорда кафолатлар беради.

Химград матбуот хизмати технопаркнинг «йўл харитаси» лойиҳаси тайёр экани ва ўтган йили унинг биринчи объектлари қурила бошланганини маълум қилди. Жорий йилнинг январь ойида Татаристон саноат ва савдо вазири Алберт Каримов ва технополис бош директори Айрат Гиззатуллин бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди. Чирчиқ тақдимотида бу технопарк Россия компаниялари ишлаб чиқаришини Ўзбекистонда маҳаллийлаштиришга мўлжалланганига аниқлик киритилди.

2021 йил август ойида Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда олтита кимё-технологик кластерни – Навоий, Бухоро, Қашқадарё, Фарғона, Тошкент вилоятлари ва Қорақалпоғистонда ташкил этишга қарор қилганди. Бунинг натижасида 2026 йилга бориб кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми жорий йилга нисбатан 3 баробар ортиб, 2030 йилда ялпи ички маҳсулотнинг 7 фоизини ташкил этиши кутилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ