Бухоро аэропортида қўлга олинган россиялик сайёҳ блогер Максим Лимар уй қамоғидан озод этилди. Бу ҳақда 7 февраль куни Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ўзининг Телеграм-каналида маълум қилди. Саёҳатчига Ўзбекистонни тарк этишга рухсат берилди ва 9 февраль куни у ватани Новосибирскка қайтишни режалаштирган.
Дипломатик миссия блогерни озод қилиш масаласини ҳал қилишда «Ўзбекистон томонига масалани тезкорликда ҳал этгани учун миннатдорчилик» билдиради.
Максим Лимар 2 февраль куни Бухородан Россия Федерациясига учиб кетаётганда «учувчисиз учиш аппаратини (УУА) олиб чиқишга урингани учун» қўлга олинганди: унинг шахсий буюмларидан дрон топилган.
Ўзбекистон қонунчилигига кўра, жисмоний шахслар оғирлиги 250 граммдан ортиқ бўлмаган, парвозларни автоном бошқариш функциясисиз ҳамда фото ва видео жиҳозлар билан жиҳозланмаган ўйинчоқ моделларидан фойдаланиши, сақлаши ва ташиши мумкин. Қонунни бузиш 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосига сабаб бўлади.
Лимарнинг таъкидлашича, унинг квадрокоптери 249 грамм оғирликда бўлган ва у қонунни бўзмаган. Шунга қарамай, блогер парвоздан четлаштирилди ва ушбу дроннинг оғирлиги ва ўлчами хусусиятларини аниқлаштириш бўйича процедура тугагунга қадар уй қамоғига жойлаштирилди.
«Ўзавиация» агентлиги Лимар Ўзбекистонга дронларни олиб кириш ва улардан фойдаланиш қоидаларини нотўғри талқин қилганини маълум қилди.
«Учувчисиз аппаратнинг оғирлиги 250 граммдан ошмаслигига қарамай, қурилма фото ва видео жиҳозлар билан жиҳозланган бўлиб, бу ҳолат аппаратга Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ва ундан фойдаланиш учун рухсат талаб этилмайдиган УУАлар қаторидан ўрин олишига изн бермайди», — дея изоҳ беради агентлик.
Уларнинг қўшимча қилишича, Лимар Ўзбекистон ҳудудига учувчисиз учувчи қурилмаларни вақтинча олиб кириш ва улардан фойдаланишга рухсат олиш учун Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Маданият вазирлиги ёки «Ўзбеккино» Миллий агентлигига расман мурожаат қилиши ёки «Ўзавиация» агентлигининг электрон платформаси орқали мурожаат юбориши лозим эди.