Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган «Толибон»* радикал ҳаракати томонидан тузилган Мудофаа вазирлиги собиқ афғон ҳукумати ҳарбий ҳаво кучларида аввал хизмат қилган беш нафар учувчининг мамлакатга қайтганини эълон қилди. Бу ҳақда TOLOnews телеканали хабар берди.
Толиблар учувчилар қайси давлатдан келганига аниқлик киритмаган. Шу билан бирга, улар собиқ ҳукуматнинг малакали ходимларини Афғонистонга қайтаришга интилаётганларини таъкидладилар.
Радикаллар Кобулда ҳокимиятни қўлга киритгач, ҳаво кучларининг юзлаб ҳарбий хизматчилари Афғонистонни тарк этишди, чунки толибларга энг катта зарбани ҳарбий авиация берган. Учувчилар Кобул ва Мозори Шарифдаги ҳаво базаларидан Ўзбекистон ва Тожикистонга ўнлаб самолёт ва вертолётларни олиб қочганлар.
Кейинроқ, собиқ Афғонистон ҳарбий-ҳаво кучларининг ҳарбий учувчилари АҚШ воситачилигида Ўзбекистон ва Тожикистондан учинчи давлатларга олиб кетилди.
Афғонистондаги оғир ижтимоий-иқтисодий вазиятга қарамай, толиблар 100 минг кишидан ортиқ армия яратишни ва ҳарбий авиацияни ташкил этишни мақсад қилганлар.
Толиблар Афғонистондан қочган ҳарбий учувчиларга бир неча бор мурожаат қилиб, улардан мамлакатга қайтиш ва хизматни давом эттиришни сўраган.
1996 йилдан 2001 йиллари Афғонистонда толиблар ҳукмронлигининг биринчи даврида ўз ҳаво кучларига эга бўлган. Жанговар самолётлари мавжудлиги туфайли 1995 йил август ойида улар ўз ҳудудларига «Толибон»га қарши кучлар учун қурол-яроғ ташувчи Россиянинг Аэростан компаниясига қарашли Ил-76 транспорт самолётини қўндиришга муваффақ бўлишди. Толибларнинг МиГ-21 қирувчи самолёти Россия транспорт самолётини Қандаҳор шаҳрига қўнишга мажбур қилди. 378 кунлик асирликдан сўнг экипаж Ил-76 ни қўлга олишга ва Афғонистондан учиб кетишга муваффақ бўлган.
1990 йилларнинг охирида толиблар ҳаво кучлари Шимолий алянсдаги душманларига мунтазам равишда ҳужум қилган. Радикал авиация бир неча ўнлаб жанговар самолёт ва вертолётлардан иборат бўлган. 2001 йил кузида АҚШ Афғонистонга бостириб кирганидан сўнг, «Толибон» самолётлари йўқ қилинган ёки Шимолий алянснинг илғор бўлинмалари томонидан қўлга олинган.