Афғонистоннинг олтита вилоятида давлат университетлари фаолиятини қайтадан тиклади

Афғон университетидаги талабалар. БМТ сайти фотосурати

Афғонистоннинг Лағмон, Нангарҳор, Қандаҳор, Нимроз, Фараҳ ва Ҳилманд вилоятларида давлат университетлари таълим жараёнини тикладилар. ВВС маълумотларига кўра, эркак ва қиз талабалар дарсларга қатнай бошлаган.

Эслатиб ўтамиз, 30 январь куни Афғонистон «Толибон»* радикал ҳаракати томонидан тузилган Олий таълим вазирлиги раҳбари Абдул-Баки Ҳаққоний бир қатор вилоятлардаги давлат университетлари 2 февралдан иш бошлашини ваъда қилган эди. 26 февралга қадар мамлакатнинг барча ҳудудлари ва пойтахт Кобулда университетлар очилиши керак.

Ҳаққонийга кўра, университетларнинг кўп ойлар давомида ишламай қолишига Афғонистондаги иқтисодий инқироз, шунингдек аёл ва эркаклар учун алоҳида синфларнинг йўқлиги сабаб бўлган.

Бироқ, ВВС ахборот агентлигига кўра, Қандаҳор вилоятида ишни қайта бошлаган университетда қизлар ва ўғил болалар бир хил синфларда ўқийдилар: ўғил болалар олдинги қаторларда, қизлар эса охирги қаторларда ўтиришади. Талабалардан бирининг сўзларига кўра, университет биноси жуда кичик бўлгани учун университетда алоҳида синфлар ташкил этишнинг иложи йўқ.

Кобул, Ҳирот ва Балх вилоятидаги энг йирик афғон университетларнинг иш бошлашидаги қўшимча муаммо — толиблар ҳокимиятни қўлга киритганларидан сўнг 200 дан ортиқ ўқитувчиларнинг мамлакатни тарк этишга мажбур бўлганидир.

Ҳокимиятга қайтганидан сўнг, толиблар кўпчилик қизларнинг ўрта мактабда ўқишини тақиқлаб, аёлларнинг давлат хизматида ишлашига чекловлар қўйди. Хотин-қизлар ишлари вазирлиги тугатилди. Бунинг ўрнига толиблар Исломий фазилатларни тарғиб қилиш ва иллатларнинг олдини олиш вазирлигини ташкил этдилар. Январь ойи бошида вазирлик афғон аёлларининг паранжи ёпиниб юришига доир кўрсатма берди. Бу ўқимишли афғон аёллари орасида норозиликларни келтириб чиқарди.

Сўнгги уч ҳафта ичида Кобулда толибларнинг аёлларга нисбатан сиёсатидан норози бўлган тўрт нафар фаол аёл ўғирлаб кетилган.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ