Тошкентда ўнлаб хонадонларни қўлга киритган бир гуруҳ фирибгарларга нисбатан суд ҳукми ўқилди

Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди. AsiaTerra сайти фотосурати. Фото с сайта AsiaTerra

3 февраль куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Чилонзор тумани суди Ўзбекистон пойтахтида яшовчи собиқ ва ҳозирда яшовчи 64 нафар фуқаронинг хонадонларини фирибгарлик йўли билан эгаллаб олган бир гуруҳ фирибгарлар иши бўйича ҳукм чиқарди. AsiaTerra нашри хабарига кўра, жиноий гуруҳ ташкилотчиси Владимир Бузмаков, шунингдек, унинг шериклари Александр Ким ва Баходир Содиқовлар 4 йилу 6 ойга умумий режимдаги колонияга ҳукм қилинган

Мазкур иш бўйича яна бир айбланувчи Рустам Миробидов 3 йилга озодликдан маҳрум этилди. Гуруҳ фаолиятига алоқадор қолган олти нафар айбланувчи бир йилдан уч йилгача шартли қамалган.

Айбланувчи фирибгарларнинг аксариятига Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-модда 4-қисми «а» ва «в» бандлари («уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган фиритгарлик») ва 228-модда («Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш») билан айбланган.

Бузмаков ва Миробидовга нисбатан Жиноят кодексининг яна иккита моддаси – 28 («Жиноят иштирокчиларининг турлари») ва 171 («Жиноий йўл билан топилган мулкни олиш ёки ўтказиш») билан айбланган.

Фирибгарларнинг жиноий схемаси қуйидагича бўлган: улар ўз каналлари орқали эгалари вафот этган, меросхўрлари эса ё келмаган ёки ҳали мерос ҳуқуқига эга бўлмаган хонадонларни топишади. Ёки хонадон эгаси ёлғиз кекса одам ва ҳатто касал бўлади. Бошқа вариантлар: квартираларнинг эгалари чет элда бўлган ёки бошқа сабабларга кўра узоқ вақт уйларида яшамаганлар. Фирибгарлар квартираларнинг эгаларидан ўз номларига сохта ишончнома тузадилар, кейин эса бу хонадонларни сотадилар.

Чилонзор суди ҳукмига кўра, шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинган барча фирибгарлар ўз муддатлари давомида даромадларининг 20 фоизини давлатга ўтказишлари керак бўлади. Бундан ташқари, улар бир қатор чекловларга эга: соат 22:00 дан 7:00 гача яшаш жойида бўлишлари керак, улар учун кафе ва бошқа кўнгилочар муассасаларга ташриф буюриш, спиртли ичимликлар ичиш тақиқланади. Улар мунтазам равишда ҳуқуқ-тартибот органларига ҳисобот бериб туришлари керак.

Шунингдек, суд ҳукми асосида фирибгарлик схемалари туфайли бой берилган барча хонадон ўз эгаларига қайтарилади. Бу хонадонларни сотиб олганларга эса, айбланувчилардан ундириб олинган ва суднинг махсус ҳисоб варағида турган маблағлар қайтарилади – бу эса юз миллион сўм, яъни ўн минглаб АҚШ доллари демакдир.

Фирибгарлар давлат экспертизасининг квартиралар нархини баҳолаши асосида моддий зарарни тўлаб, чув ҳам тушдилар. Масалан, маҳкум Виктор Молодцов квартиралардан бирини 23 минг долларга сотган ва 29 минг доллар қайтаришга мажбур бўлди. Яъни, харидорлар фойдада қолишди.

Суд ҳукми 20 кундан кейин кучга киради. Бу вақт ичида барча маҳкумлар апелляция тартибида унга шикоят қилишлари мумкин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ