Россиялик сайёҳ блогер Максим Лимар Новосибирскка учаётган вақтда Бухоро аэропортида қўлга олинди ва унинг шахсий буюмларидан дрон топилди. Айни пайтда у дрон оғирлиги ва ўлчами хусусиятларини аниқлаштириш бўйича процедура тугагунига қадар уй қамоғида сақланмоқда, деб хабар берди Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси 3 февраль куни Телеграм-каналида.
«Элчихона вазиятни тезроқ бартараф этиш ва ҳамюртимизни ватанига қайтариш учун М.В.Лимар ва Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари билан доимий алоқада», — дейилади хабарда.
Блоггернинг ўзи эса Instagramда унинг паспорти олиб қўйилгани, шу билан бирга «унинг мақоми кўрсатилмагани, ҳуқуқлари тушунтирилмагани ва бирорта ҳам ҳужжат топширилмаган»ини айтади.
«Улар менга рус тилини жуда ёмон биладиган адвокат беришди. Мен ундан эшитган ягона нарса — пул тўлаш керак, бутун теров давомида у жим ўтирди», — деб ёзади Лимар.
Ўзбекистон қонунчилигига кўра, жисмоний шахслар учувчисиз учиш аппаратларининг (УУА) оғирлиги 250 граммдан ошмайдиган, парвозни автоном бошқариш ва навигация функцияси бўлмаган ҳамда фото ва видео билан жиҳозланмаган ўйинчоқ моделларидан рўйхатдан ўтказмасдан фойдаланиши, сақлаши ва ташиши мумкин. Аппаратларни ноқонуний олиб кириш, сотиш, сотиб олиш, сақлаш ёки ишлатиш 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
«Ўзбекистон қонунчилигига кўра, оғирлиги 250 г дан ортиқ бўлган дронлар мажбурий рўйхатга олинади. Бироқ, менинг квадрокоптеримнинг оғирлиги 249 г ва бу қонун талаби доирасига кирмайди. Бортдаги 249 г ёзувига қарамай, коптер мендан тортиб олинди ва мени шаҳарга қайтаришди, уй қамоғига олишди», — дейди блогер.
Унинг таъкидлашича, Россия консуллигига қўнғироқ қилган ва у ерда «муаммоларини ўзи ҳал этиши» тавсия этилган. «Россия фуқаролари учун мобил телефони текшируви тугагач. қўнғироқ қилишим мумкинлигини айтишди. Менга маслаҳат ва баъзи тавсиялар бериш тўғрисидаги илтимосларимга қўл силташди», — дейди Лимар.
Ўзбекистонда жисмоний шахслар томонидан дронларни (ўйинчоқлардан ташқари) олиб кириш ва улардан фойдаланиш 2015 йилдан тақиқланган. 2018 йил ёзида мамлакатнинг туризм салоҳияти борасида фото ва видеоматериаллар тайёрлаш мақсадида хорижий ижодий гуруҳлар учун учувчисиз аппартларни вақтинча олиб кириш ва улардан фойдаланишга рухсат бериш тартиби соддалаштирилди. Дронлардан фойдаланишни истаган тасвирчи гуруҳлар уларни вақтинча олиб кириши ва Ўзбекистон ҳудудига ишлатиши учун рухсатнома бериш илтимоси билан Туризм давлат қўмитаси, Маданият вазирлиги ва «Ўзбеккино» Миллий агентлигига мурожаат қилишлари керак.