Осиё тараққиёт банки (ОТБ) 2022-2024 йиллари Ўзбекистонга умумий қиймати 2,8 миллиард доллар бўлган 27 та лойиҳани амалга оширишда ёрдам беради, деб хабар беради Республика Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (ИТСВ) матбуот хизмати.
2 февраль куни ИТВС раҳбари, Бош вазир ўринбосари Сардор Умурзоқов ва ОТБ президенти Масатсугу Асакава ўртасида видеоконференция бўлиб ўтди ва унда томонлар инфратузилмавий ривожланиш, уй-жой коммунал хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида амалга оширилаётган 5 миллиард долларлик 29 та лойиҳани кўриб чиқдилар. 2022 йили умумий қиймати 524 миллион доллар бўлган учта лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.
Мулоқот чоғида умумий устувор йўналишлар, хусусан хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, инклюзив ўсишни рағбатлантириш орқали тенгсизликни камайтириш ва бошқа муҳим йўналишлар муҳокама қилинди.
Республикада давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида амалга оширилаётган лойиҳаларни илгари суриш борасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. ОТБ билан биргаликда энергетика соҳасида кенг кўламли лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга оширишда эришилган ютуқлар таъкидланди. Хусусан, ҳозирги кунда Ўзбекистонда қуёш энергиясини ривожлантириш бўйича ОТБнинг умумий қуввати 1 ГВт тенг бўлган алоҳида Дастури фаол амалга оширилмоқда. Томонлар ушбу соҳадаги ҳамкорликни кенгайтириш учун улкан салоҳият мавжудлигини қайд этиб, сув таъминоти, электр энергиясини тақсимлаш тармоқларини модернизация қилиш, соғлиқни сақлаш ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш соҳаларида ДХШ воситаларини жорий этишни кенгайтириш имкониятларини ўрганишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Шунингдек, ОТБ билан Ўзбекистонда хусусий сектор ва тижорат банклари лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш, йўл инфратузилмасини кенгайтириш лойиҳаларини амалга ошириш, технология, муҳандислик ва математика соҳаларидаги ўқув дастурларини такомиллаштириш орқали ўрта ва касб-ҳунар таълимини ривожлантириш, аҳоли бандлигини ошириш, соғлиқни сақлаш соҳасини модернизация қилиш, аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш, аёллар ва ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон 1995 йили ОТБга аъзо бўлганидан буён банк мамлакатга 10 миллиард доллардан ортиқ кредитлар, грантлар ва техник ёрдамлар ажратди.Маблағлар энергетика, транспорт, молия ва давлат секторини бошқариш соҳаларидаги лойиҳалар ўртасида тақсимланди.