Ўзбекистон ҳукумати карантин талабларини юмшатди

Kun.uz сайти фотосурати

Коронавирусга қарши кураш бўйича Республика махсус комиссияси Ўзбекистонда COVID-19 билан касалланиш ҳолатлари камайганини ҳисобга олиб, карантин талабларини юмшатиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Коронавирусга чалинган беморлар билан алоқада бўлганлар учун ўзини изоляция қилиш муддати 14 кундан 7 кунга қисқартирилди. Ушбу қарор ҳозирда мавжуд коронавируснинг «омикрон» штамми қисқа инкубация даврига эга экани билан изоҳланади.

Мактаб, коллеж, лицей ва олий ўқув юртларида кундузги таълим 7 февралдан тикланади. «Шу билан бирга, барча таълим ташкилотларида ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш ва антисептик воситалардан мунтазам фойдаланиш талаб этилади», — дейилади комиссия хабарида. Эслатиб ўтамиз, таълим муассасалари 24 январдан масофавий режимга ўтказилди.

Шунингдек, ўтган йил 3 декабрда жорий этилган Австралия, Австрия, Белгия, Буюк Британия, Германия, Дания, Исроил, Италия, Нидерландия, Чехия ва Мисрдан келган фуқаролар учун уй ёки меҳмонхонада 10 кунлик карантиндан ўтиш талаби бекор қилинди.

Жанубий Африка, Ботсвана, Намибия, Зимбабве, Мозамбик, Мадагаскар, Лесото, Эсватини, Танзания ва Гонконг билан халқаро рейслар (республика ҳудудига кириш, чиқиш ва транзит рейслар) тикланди.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Ўзбекистон ҳукумати чегарани кесиб ўтишда коронавирус инфекциясига тезкор тест топшириш талабини бекор қилган эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2 феврал маълумотларига кўра, мамлакатда COVID-19 инфекциясининг биринчи ҳолати қайд этилган 2020 йил 15 мартдан буён коронавирус инфекцияси билан касалланганларнинг умумий сони 226 минг кишидан ошди. Улардан 1575 нафари вафот этган. Эмланиши керак бўлган фуқароларнинг 90,3 фоизи коронавирусга қарши вакцинанинг биринчи дозасини олган, шундан 68,9 фоизи тўлиқ эмланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ