Ўзбекистон ҳукумати беш йил ичида бир миллиард туп дарахт кўчатини экишга қарор қилди

Тошкентда дарахт кўчатларини экиш тадбири. Eco.gov.uz сайти фотосурати

Ўзбекистонда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида беш йил ичида бир миллиард туп дарахт кўчати экилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 2 февраль куни маълум қилди.

««Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси бир йиллик тадбир эмас. Унинг доирасида келгуси беш йилда 1 миллиард туп дарахт кўчатини экишни мақсад қилганмиз. Бу умуммиллий ҳаракатнинг натижаси ҳар бир маҳаллада кўриниши керак, бу савобли ишни ҳавас билан қилиш керак», – дея президент сўзларини келтиради унинг матбуот хизмати.

2021 йил ноябрда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси эълон қилиниб, 200 миллион туп дарахт кўчати экиш режалаштирилган эди. Бунга мувофиқ, кузда 85 миллион дона кўчат ўтқазилди. Кўплаб ташкилотлар, маҳаллалар, умуман, кенг жамоатчилик бу савобли ишда жонбозлик кўрсатди. Бу йил баҳор мавсумида 125 миллион дона дарахт кўчатларини экиш мўлжалланмоқда.

Мирзиёев 1 мартдан «Яшил йиллик» умуммиллий тадбири бошланишини эълон қилди. У ҳар бир ҳудуднинг иқлимига мос, кам сув талаб қиладиган кўчатларни танлаб, уларни етиштириш учун кўчатхоналарни кўпайтириш зарурлигини қайд этди.

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига 10 миллион дона мевали ва манзарали дарахт кўчатларини аҳолига бепул тарқатиш, Автомобиль йўллари қўмитасига халқаро ва республика аҳамиятидаги йўллар четида ихота дарахтзорлар барпо этиш бўйича топшириқ берилди.

Мутасадди идораларга барча туман ва шаҳарларни қамраб оладиган «мобил эко патруллар» фаолиятини йўлга қўйиш топширилди.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил январидан бошлаб Ўзбекистонда дарахтларни кесишга мораторий чекланмаган муддатга узайтирилди , уни бузганлик учун жарималар беш баравар оширилган эди. Давлат органларига давлат ўрмон фондига киритилмаган қимматбаҳо дарахт ва буталарни кесиш учун рухсатномалар бериши тақиқланди. Бироқ, айрим мутасаддилар мазкур мораторийни писанд қилмаяптилар. Масалан, январь ойи охирида вилоят Экология бошқармаси томонидан уч марта кесишга рухсат берилмаганига қарамасдан, Қарши давлат университети ҳудудида 38 туп дарахт кесиб ташланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ