USAID Ўзбекистонда ёшлар бандлигини таъминлаш учун 10 миллион доллар сарфлайди

Ўзбекистонда ёшлар бандлигини таъминлашни қўллаб-қувватлаш мақсадида АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) янги дастурини ишга туширди. Беш йилга мўлжалланган дастурнинг умумий қиймати 10 миллион АҚШ долларига тенг. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати хабар беради.

Янги ташаббус 2022 йил январь ойида бошланган бўлиб, мактабнинг 8-11-синф ўқувчиларига Ўзбекистон иқтисодиётида малакали ишчи ёки тадбиркор сифатида ишлаш учун зарур кўникмаларга эга бўлиш имконини беради. Дастур мактабда ва мактабдан ташқарида ўқувчиларни мактабни битирганларидан сўнг ишга муваффақиятли ўтишни таъминлашга қаратилган. Халқаро таълим бўйича Америка кенгашлари томонидан амалга оширилаётган дастур қизлар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг иш жойларидаги ролларини янада оширишга, уларнинг салоҳиятини юксалтиришга қаратилган. Дастур шунингдек, хусусий сектор билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, Халқ таълими вазирлиги ходимларининг дастурнинг ҳар бир босқичида иштирок этиши ва унинг барқарорлигини таъминлаш учун салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

USAIDнинг таълим бўйича асосий ҳамкори Халқ таълими вазирлиги билан яқиндан ҳамкорлик қилади. Шунингдек, дастурнинг мувафаққиятли амалга ошириш учун халқаро ва маҳаллий ташкилотлар жамоасини лойиҳага жалб қиладилар. Ёшлар меҳнат ресурсларини ривожлантириш ва тадбиркорлик соҳасида глобал даражадаги тажрибага эга бўлган техник ҳамкор сифатида – «World Learning» Халқаро ташкилоти хизматларидан фойдаланилади.

«USAID Ўзбекистон Ҳукуматини инсон капитали салоҳиятини ривожлантириш йўлида олиб бораётган ишларида қўллаб-қувватлайди, ҳамда мамлакат ёшларини меҳнат бозорига муваффақиятли кириб келишида ўз ҳиссасини қўшиш имкони яратилганидан жуда мамнун», – деди USAIDнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Микаэла Мередит.

USAID агентлиги 1961 йилда Жон Кеннеди ташаббуси билан АҚШ ҳукумати қошида ташкил этилган. Ташкилот мақсадлари — демократия, иқтисодиёт ва соғлиқни сақлашни ривожлантиришни қўллаб-қувватлашдан иборат. Агентлик дунёнинг юздан ортиқ мамлакатларида фавқулодда гуманитар ёрдам кўрсатади ва можароларнинг олдини олишга ёрдам беради.

2020 йил май ойида USAID Ўзбекистондаги лойиҳаларни молиялаштиришни кўпайтиришни режалаштираётгани ҳақида хабар берилган эди. Ўша йилнинг октябр ойида АҚШ ҳукумати мамлакатдаги иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлаш мақсадида ушбу республикада тўлақонли ваколатхона очилганлигини эълон қилди. 2021 йил 10 июн куни Микаэла Мередит USAIDнинг Ўзбекистондаги биринчи миссияси директори сифатида ўз вазифаларини бажаришга киришди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ