Ўзбекистондаги яна бир сиёсий партия TikTok видеосервисини блоклашга чақирди

«Адолат» матбуот хизмати TikTok таъсирига доир мақоласини мана шундай иллюстрация билан тақдим этди

«Адолат» социал-демократик партияси TikTok видеохизмати ҳамда VPN хизматларига киришни блоклаш зарурлигини маълум қилди.

«Адолат» партиясининг бундай ташаббус билан чиқишига яқинда Самарқандда юз берган воқеа сабаб бўлди: 24 январь куни ўсмир ўзи томон кетаётган кекса одамга яқинлашиб, унинг бошига тепганини видеога олади. Ўсмирлар ҳибсга олинган. Улар Самарқанддаги энг яхши мактаблардан бири ҳисобланган 45-мактаб ўқувчилари бўлиб чиқди. Видеони суратга олган ўсмирнинг сўзларига кўра, шериги ундан нима қилмоқчилиги ҳақида огоҳлантирмасдан телефонидаги видеокамерани ёқишни сўраган. Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси кекса инсон юзига тепган ўсмир спорт билан шуғулланишини, Тиктокер ёки тармоқ фаоли эмаслигини таъкидлайди. Видео Telegramда тарқалган.

Бироқ, «Адолат» партиясидагиларнинг таъкидлашича, самарқандлик ўсмирларни TikTok юлдузи бўлиш истаги бошқарган. Социал-демократлар «даволагандан кўра, олдини олиш яхшироқ» деган фикрга келиб, «жиноий жавобгарлик чораларини кучайтириш, фойдасидан кўра зиёни кўп бўлаётган интернет тармоғидаги тик-ток сингари мобил иловаларни содир бўлаётган кўнгилсиз воқеа-ҳодисаларни ҳисобга олган ҳолда бутунлай блоклаш лозим», деган фикрдалар

«Шусиз ҳам таъқиқлар мавжуд-ку, дейишимиз мумкин. Бироқ кўр-кўрона машҳурликга ўч ёшлар онгини заҳарлаб, ижтимоий тармоқда шухрат қозонишга “олтин кўприк” вазифасини ўтаётган тик-ток билан «тик-токерлар»имиз VPN иловаси орқали уланиш имконияти борлиги бу масалани ҳам ўрганиб чиқиш зарурлигини кўрсатади», — дейди партиядагилар.

Бундан олдин «Миллий тикланиш» демократик партияси TikTokга киришни блоклашни бир неча бор ёқлаб чиққанди.

«Мамлакатда ҳам Tik Tokни блоклашнинг вақти келмадимикан? Ёки ёшларнинг буткул онгини заҳарлаб олишини кутишимиз керакми? Айрим “ватанпарвар”лар эса, уни блоклашга ёшлар эркинлиги, қолаверса, сўз ва мутбуот очиқлигига таҳдид сифатида қарамоқда. Замондан ортда қолиш билан тенглаштирмоқда.

Тўғри, тараққиётдан ортда қолмаслигимиз керак. Аммо халқимиз маънавияти, айниқса, келажагимиз эгалари тафаккурига салбий таъсир кўрсатадиган ҳар қандай «тараққиёт»дан воз кечиш керак эмасми?», — дейди ушбу партиядагилар.

TikTokга кириш ўтган йил июль ойида «Ўзкомназорат» давлат инспекцияси томонидан «мамлакат фуқароларининг шахсий маълумотларига ишлов беришда қонунчилик талаблари бузилгани» сабабли чекланган эди. Шу билан бирга Twitter, ВКонтакте ва Skype иловаларига уланиш ҳам чекланди. Бу ресурсларнинг барчаси VPN орқали ишлайди.

Декабрь ойида Маданият вазирлиги россиялик машҳур тиктокерлар иштирокида Тошкентда TikTok Fest тадбирини ўтказишни тақиқлади. Маданият вазирлиги Тik Tok Fes шоу-концертини маънавий жиҳатдан ёшлар онгига, дунёқарашига салбий таъсир этади, деб ҳисоблашини маълум қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ