Россиянинг «Герофарм» биотехнология компанияси Ўзбекистонда инсулин препаратларини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш лойиҳасини ишга туширади. Компания Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (ИТСВ) билан лойиҳани ишлаб чиқиш бўйича амалий чора-тадбирларни бошлаш тўғрисида шартнома имзолади.
«Лойиҳанинг амалга оширилиши қандли диабет билан оғрийдиган беморлар учун бир қатор муҳим дори воситаларининг оммабоплигини сезиларли даражада оширади ҳамда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимининг ушбу дорилар импортига қарамлигини камайтириш, дори-дармон хавфсизлигини таъминлаш ва мамлакатда биотехнологик ишлаб чиқаришни ривожлантиришда муҳим қадам бўлади», — дейилади вазирлик матбуот хизмати хабарида.
Ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Россия ишлаб чиқарувчисига лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишда ҳар томонлама кўмак беради. Яқин келажакда томонлар лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ва муддатларни ўз ичига олган «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиб тасдиқлайдилар.
«Герофарм» 15 йилдан ортиқ вақтдан бери инсулинларни ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Компания эндокринология соҳасида юқори технологияли маҳсулотларни экспорт қилади. Компания генетик жиҳатдан яратилган инсулинлар, аналог инсулинлар, оғиз орқали қабул қилинадиган диабетга қарши препаратлар ва қон глюкозасини назорат қилувчи воситаларни ишлаб чиқаради. Яна тўртта инсулин тури ишлаб чиқилмоқда. Барча дори-дармонлар Россияда тўлиқ циклда ишлаб чиқарилади.
2019 йили Ўзбекистонда аҳолига эндокринологик ёрдам кўрсатишни яхшилаш миллий дастури қабул қилинди. Унинг доирасида давлат бюджети ҳисобидан 75 мингга яқин бемор бепул инсулин билан таъминланмоқда, шу мақсадда 40 миллиард сўмдан ортиқ (3,7 миллион доллар) маблағ йўналтирилди.